Ўзбекистон коррупцияга қарши курашиш бўйича Малайзия тажрибасини ўрганмоқда
Август 20, 2024. 16:28 • 2 дақ
• 154
КУАЛА-ЛУМПУР, 20 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов бошчилигидаги делегациянинг Малайзияга сафари бошланди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф Ўзбекистон Президенти ва Малайзия Бош вазири ўртасида май ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган олий даражадаги мулоқот давомида эришилган келишувларнинг ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Делегация таркибидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вакиллари ўрин олган.
Ташрифнинг асосий мақсади – икки давлат коррупцияга қарши курашишга масъул идоралари ўртасида ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва соҳада амалий алоқаларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишдан иборат.
Сафарнинг биринчи куни Малайзия Парламенти Сенатининг Давлат бошқаруви, ҳалоллик ва коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус қўмитаси раиси Арман Азха Абу Ханифа билан учрашув ўтказилди. Коррупцияга қарши самарали курашишни таъминлашда шаффоф ва ҳисобдор давлат бошқаруви тизимини шакллантиришда парламентнинг ўрни, икки мамлакатнинг бу борадаги тажриба ва ёндашувлари хусусида ўзаро фикр алмашилди.
Малайзия парламенти вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва жорий йил октябрь ойида давлат вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик жараёни билан батафсил таништирилди.
Ўзбекистон томони, шунингдек, "Transparency International Malaysia" ташкилоти ва "Коррупция ва непотизмга қарши курашиш маркази" раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.
Малайзия томонига Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашиш сиёсати ва унинг асосий йўналишлари, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, ушбу жараёнларда Агентликнинг ўрни хусусида батафсил ахборот берилди.
Мазкур ташкилотлар вакиллари билан доимий тажриба алмашиш механизмларини кўриб чиқиш, қўшма лойиҳаларни ишга тушириш ҳамда истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.
"Transparency International" халқаро нодавлат ташкилоти томонидан Коррупцияни қабул қилиш индексининг 2023 йил натижаларига кўра, Малайзия 180 та давлат орасида 57-ўринни эгаллаган. Мамлакатдаги ислоҳотлар натижасида ҳукумат олдида 10 йил муддатда 25-ўринга чиқиш вазифаси қўйилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Олтой ўлкаси узоқ муддатли шерикликни кенгайтиришга интилмоқда
Ўзбекистон ва Туркия транспорт соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади
Наманган–Гуйян: умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзоланди