Ўзбекистон ва Қозоғистон ижтимоий ҳимоя соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилмоқда
Январ 24, 2025. 07:28 • 2 дақ
• 117
ОСТОНА, 24 январь /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров ва Қозоғистон меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Светлана Жакупова ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда, шунингдек, ҳар икки ташкилотнинг тегишли бўлимлари раҳбарлари ва ходимлари қатнашди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Қозоғистон амалдаги ижтимоий суғурта, муҳтож тоифадаги фуқаролар ва болали оилаларни қўллаб-қувватлаш, миграцияси, меҳнатни муҳофаза қилиш ва соғлиқни сақлаш, бандликни таъминлаш, пенсия ва ижтимоий таъминот, шунингдек, ногиронлик, боқувчисини йўқотганлик учун давлат нафақаларини ажратиш каби йўналишларда тажриба алмашиш бўйича фикр алмашилди.
Мансурбек Оллоёров ўз нутқида, давлатимиз раҳбари ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 1 июндаги "Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони билан ташкил этилганлигини билдирди. Шунингдек, Агентлик томонидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва хизматлар кўрсатиш соҳасида фаолиятини бошқа давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар тўғрисида сўзлаб берилди.
Вазир Светлана Жакупова ўз навбатида, вазирлик томонидан ижтимоий соҳа йўналишида Қозоғистонда олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди. У икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва тажриба алмашишга тайёрлигини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар ижтимоий суғурта тизимини такомиллаштириш, рақамлаштириш, ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлаш, қўшма чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва бошқалар тўғрисида келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси