Logo

Ўзбекистон ва Британия университетлари таълим тизимига академик ва касбий дастурларни жорий этиш йўналишида ҳамкорлик қилади

Август 31, 2025. 12:10 • 45 сония

41
Ўзбекистон ва Британия университетлари таълим тизимига академик ва касбий дастурларни жорий этиш йўналишида ҳамкорлик қилади

ЛОНДОН, 31 август. /"Дунё" AA/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги таркибидаги Халқаро малакалар ва баҳолаш маркази (ХМБМ) директори Ҳуснидин Ҳомидов ва Буюк Британия Лафборо университетининг глобал алоқалар бўйича директори ўринбосари Лу Бай ўртасида онлайн музокаралар ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" AA мухбири.

Мулоқот аввалида Британия томонига ХМБМ фаолияти ҳақида маълумот берилди. Хусусан, дунёнинг бир қатор университетлари, шу жумладан Британия олийгоҳлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон таълим тизимига академик ва касбий дастурларни жорий этиш ҳамда талабалар учун академик мобиллик ва халқаро таълим имкониятларини кенгайтириш устида иш олиб бораётгани таъкидланди.

Томонлар турли йўналишларда, хусусан "dual diploma" дастурлари ҳамда ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви соҳаларида узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Учрашув якунида муҳокама қилинган йўналишлар бўйича экспертлар даражасида ишчи музокараларни уюштириш тўғрисида келишувларга эришилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш