Ўзбекистон ва Жанубий Корея халқ табобати соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди
Сентябрь 03, 2024. 17:29 • 2 дақ
• 210
СЕУЛ, 3 сентябрь. /"Дунё"АА/. Жанубий Кореянинг Кёнсан-Пукдо провинцияси вице-губернатори Ким Ҳак Хонг бошчилигидаги делегация Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов билан учрашди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Жанубий Кореянинг Daegu Haany университети билан Бухоро давлат тиббиёт институти ўртасидаги ҳамкорлик самарали давом этиб келаётган алоқалар ривожида муҳим аҳамият касб этади. Икки томонлама билим ва тажриба алмашиш борасидаги саъй-ҳаракатлар мавжуд салоҳиятни янада ошириш имконини бермоқда.
Халқ табобатини янада ривожлантириш, бунинг учун Бухоро давлат тиббиёт институти ҳудудида "ақлли" иссиқхоналар қуриб, доривор ўсимликлар етиштириш, фармацевтика ва косметика воситаларини ишлаб чиқариш кластери лойиҳасини амалга ошириш устида қизғин иш олиб борилмоқда.
Қайд этиш этиш жоизки, университет Бухоро давлат тиббиёт институтида халқ табобати асосида илмий тадқиқотга асосланган ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, ўзбекистонлик ёшларни халқ табобатига асосланган фармацевтика соҳасида ўқитиш, Бухорода қирол Сежонг корейс тили марказини очиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришни режалаштирмоқда.
Мулоқот чоғида икки давлат ўртасидаги алоқаларга юқори баҳо берилиб, мазкур лойиҳа доирасидаги вазифалар, шунингдек, истиқболда Daegu Haany University билан ҳамкорликда амалга оширилиши мумкин бўлган йўналишлар юзасидан фикр алмашилди.
Ботир Зарипов меҳмонларни Бухорога ташрифи билан қутлаб, амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳа Бухоро вилояти ва Кёнсан-Пукдо провинцияси ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқаётгани, шу орқали икки вилоят бизнес вакиллари, ижтимоий соҳалар, фан-таълим, тиббиёт, фармацевтика ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади. Ўз навбатида бундай ташаббусни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
– Мазкур лойиҳа Бухоро вилоятида янги саноат даврини яратиш йўлидаги қадамларимиздан бири, – дейди вилоят раҳбари. – Ишончим комилки, ҳамкорларимиз билан бирга келгусида бу борада иқтисодиётимиз ривожига улкан ҳисса қўшадиган, унинг рақобатбардошлигини мустаҳкамлайдиган яна кўплаб йирик лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширамиз. Бу сўнгги йилларда фармацевтика соҳасидаги бошланган катта ислоҳотларимизнинг амалий натижаси, инвесторларнинг мамлакатимизга нисбатан ишончи тобора ортиб бораётганининг ёрқин далилидир.
Суҳбат давомида Ким Ҳак Хонг вилоят раҳбарига самимий қабул ва ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди. Амалга оширилаётган лойиҳа туфайли ҳамкорлик алоқалари янада кенгайиб, икки томонлама манфаатли ташаббус халқ табобати соҳасини ривожлантиришда юқори самаралар бериши таъкидланди.
Учрашув якунида томонлар ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси