Ўзбекистонда Жанубий Корея томони билан биргаликда қурилиш материаллари соҳасида замонавий лаборатория барпо этилади
Март 06, 2024. 16:12 • 2 дақ
• 263
СЕУЛ, 6 март. /"Дунё"АА/. "Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси, "Ўзсаноатқурилишбанк" ва соҳага алоқадор бошқа ташкилотлар вакилларидан иборат мамлакатимиз делегацияси амалий сафар билан Жанубий Кореяда бўлиб турибди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Корея Республикаси мувофиқланган лабораториялари (КМЛ) ташкилотида бўлиб ўтган мулоқот чоғида делегация вакиллари қурилиш материаллари сифати ҳамда синов лабораторияси фаолияти билан яқиндан танишди.
Музокаралар якунида "Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси ва Жанубий Корея мувофиқланган лабораториялари ўртасида синов лабораториясини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Замонавий лаборатория барпо этилгач, 30 дан ошиқ қурилиш материалларининг 300 га яқин сифат кўрсаткичлари халқаро стандартларда синовдан ўтказилиши йўлга қўйилади.
КМЛ Жанубий Кореядаги қурилиш материаллари ва бошқа соҳаларда синов ҳамда сертификатлаш хизматларини таклиф этувчи нуфузли ташкилот саналади. Унинг ушбу давлатда 20 га яқин синов лабораторияси, дунёнинг 6 та мамлакатда ваколатхонаси, шунингдек, 30 мингга яқин мижозлари ва мингга яқин юқори малакали мутахассислари мавжуд.
Жанубий Кореялик ҳамкорлар билан учрашув давомида уларга мамлакатимизда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида халқаро алоқаларни янада ривожлантириш, хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган замонавий технологиялар, жумладан, илғор лаборатория мажмуаларини олиб келиб, каолин хом ашёси ҳамда бошқа асосий турдаги маҳсулотларни лаборатория синовларидан ўтказиш имкониятини яратишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон делегациясининг Жанубий Кореяга ташрифи давом этмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди
Венгриянинг нуфузли университет ва компаниялари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Рединг университетининг Ўзбекистонда кампусини очиш масаласи муҳокама қилинди