Ўзбекистон делегацияси ЖСТнинг савдо ҳимоя чораларига оид минтақавий семинарида иштирок этди
Ноябрь 10, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 91
ВЕНА, 10 ноябрь. /“Дунё” АА/. Австрия пойтахтида “Жаҳон савдо ташкилотининг савдо ҳимоя чораларига оид қоидалари ва уларни қўллаш” мавзусида минтақавий семинар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Семинар Жаҳон савдо ташкилоти доирасидаги савдо ҳимоя механизмларининг ҳуқуқий асослари ва уларни амалиётда қўллаш масалаларига бағишланди. Хусусан, антидемпинг, компенсация ва махсус ҳимоя чораларини жорий этиш тартиблари, тегишли текширувларни ўтказиш механизмлари, миллий ишлаб чиқарувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда халқаро савдо мажбуриятларига риоя этиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Тадбир давомида халқаро экспертлар томонидан савдо ҳимоя чораларини қўллашнинг назарий ва амалий жиҳатлари юзасидан тақдимотлар ўтказилди. Иштирокчилар турли мамлакатларнинг ушбу соҳадаги тажрибаси билан танишиб, савдо текширувларини ташкил этиш, зарарни баҳолаш, далилларни таҳлил қилиш ва тегишли чораларни қўллашдаги халқаро амалиёт юзасидан фикр алмашдилар.
Ўзбекистон делегацияси учун мазкур семинар миллий қонунчиликни ЖСТ қоидаларига мувофиқлаштириш, савдо ҳимоя воситаларини қўллаш бўйича халқаро тажрибани ўрганиш ва соҳадаги амалий билимларни мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этди.
Тадбир якунида ўқув дастурини муваффақиятли тамомлаган иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси