Logo

Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзи ва фитнесни тарғиб этишда Индонезия тажрибаси ўрганилмоқда

Декабрь 16, 2023. 13:24 • 58 сония

261
Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзи ва фитнесни тарғиб этишда Индонезия тажрибаси ўрганилмоқда

ЖАКАРТА, 16 декабрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Соғлом турмуш тарзи ва фитнес ассоциацияси ҳамда Индонезия фитнес мураббийлари уюшмаси ўртасида видеоконференция шаклида учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Онлайн учрашув давомида Индонезия томонига Ўзбекистон Соғлом турмуш тарзи ва фитнес ассоциацияси фаолияти тўғрисида маълумот берилди. Яқинда ташкил этилган мазкур ассоциациясининг асосий вазифаси аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш, соғлом овқатланиш тамойилларини кенг тарғиб қилиш, барча ёшдаги фуқаролар ўртасида жисмоний қобилиятни шакллантириш эканлиги таъкидланди.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ва оммавий спортни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида айтиб ўтилди. 

Мулоқот чоғида томонлар Ўзбекистон Соғлом турмуш тарзи ва фитнес ассоциацияси ва Индонезия фитнес мураббийлари уюшмаси ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.

Қўшма дастурлар ишлаб чиқиш, фитнес ва соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган стандартлар ва сертификатлаш тизимларини йўлга қўйиш, методологик қўлланмалар ишлаб чиқиш, мураббийлар тайёрлаш соҳасида тажриба алмашиш, шунингдек, семинарлар, маҳорат дарслари, ўқув-машғулот йиғинларини биргаликда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида Ўзбекистонда фитнес ва соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга қаратилган шароитлар билан яқиндан танишиш ва бу соҳада икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ушбу Уюшма вакилларининг Ўзбекистонга амалий сафарини уюштириш юзасидан келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш