Logo

Ўзбекистонда Уэльс томони билан ҳамкорликда қўшма университет ташкил этилиши мумкин

Июль 11, 2025. 11:36 • 58 сония

63
Ўзбекистонда Уэльс томони билан ҳамкорликда қўшма университет ташкил этилиши мумкин

КАРДИФФ, 11 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Уэльс таълим вазири Линн Нигл билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида таълим соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, мактабгача ва мактаб таълими, инклюзив таълим ҳамда ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш йўналишларида илғор тажриба алмашиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон элчиси, шунингдек, Кардифф университети вице-президенти ва халқаро алоқалар бўйича проректори профессор Рудолф Аллеманн, Кардифф Метрополитан университети ректори профессор Рейчел Лангфорд ва Уэльс Таълим ҳамкорлиги ташкилоти бош директори Кристиан Стенбери билан музокара ўтказди.

Музокаралар давомида хорижий томон билан Ўзбекистон олий таълим муассасаларида икки томонлама диплом бериш дастурларини жорий этиш, ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви бўйича ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар Кардифф университети билан ҳамкорликда Самарқандда Британия тиббиёт университети ва унинг қошида замонавий шифохонани ташкил этиш масаласини ишлаб чиқиш, ТМС Тошкент халқаро институтида 5 та бакалавриат ва 1 та магистратура йўналишида Кардифф Метрополитан университети дастурларини жорий этиш ва бошқаларни келишиб олдилар.

Уэльс Буюк Британия таркибидаги тўртта маъмурий-сиёсий ҳудудлардан бири бўлиб, унда 3,1 миллион аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуднинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажми 115,7 миллиард долларни ташкил этади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш