Ўзбекистоннинг монополияга қарши курашиш бўйича тажрибаси Эдинбург шаҳрида бўлиб ўтган халқаро анжуманда тақдим этилди
Май 13, 2025. 11:04 • 2 дақ
• 55
ЭДИНБУРГ, 13 май. /"Дунё" АА/. Жорий йилнинг 7-10 май кунлари Шотландиянинг Эдинбург шаҳрида Рақобат бўйича халқаро тармоқнинг (ICN) 24-конференция бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур анжуманда Ўзбекистон рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Ҳалилилло Тўрахўжаев бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этди.
ICN – бу бутун дунё бўйлаб монополияга қарши курашиш органларини рақобат сиёсати соҳасида тажриба алмашиш, уйғун ёндашувларни ишлаб чиқиш ва соҳавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида бирлаштирувчи халқаро форум ҳисобланади.
Йиллик конференция иштирокчиларга очиқ мулоқот, ғоя ва илғор тажрибалар алмашиш учун самарали платформа тақдим этади. Бу эса истеъмолчилар ва ҳалол бизнес манфаати йўлида рақобатни таъминлаш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Тадбир давомида ривожланган давлатларнинг монополияга қарши курашиш йўналишида амалга ошираётган ислоҳотлари муҳокама қилинди. Шунингдек, рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги долзарб масалалар бўйича фикр алмашилди.
Ўзбекистон вакиллари ўз маърузаларида мамлакатимизда рақобат муҳитини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва қонунчилик талаблари ҳақида батафсил маълумот берди.
Конференция доирасида бир қатор хорижий делегациялар билан икки томонлама учрашувлар ҳам ташкил этилди. Музокараларда хориж томони билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, тажриба алмашиш ва рақобат сиёсати соҳасида илғор ёндашувларни жорий этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Олтой ўлкаси узоқ муддатли шерикликни кенгайтиришга интилмоқда
Ўзбекистон ва Туркия транспорт соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади
Наманган–Гуйян: умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзоланди