"Рақамли Ўзбекистон – 2030" стратегияси "GLOBE Pakistan Summit – 2025" саммитида тақдимот қилинди
Июль 11, 2025. 11:28 • 2 дақ
• 17
ИСЛОМОБОД, 11 июль. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Савдони ривожлантириш агентлиги томонидан электрон тижорат соҳасига бағишланган "GLOBE Pakistan Summit – 2025" саммитида махсус меҳмон сифатида иштирок этди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Саммитда, шунингдек, Покистон Бош вазирининг ёрдамчиси Рана Иҳсан Афзал Хан, Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Амна Балуч, Савдо вазирининг биринчи ўринбосари Жавад Паул, Савдони ривожлантириш агентлиги раҳбари Файз Аҳмад, Давлат банки департамент директори Файсал Мазҳар, Исломободдаги дипломатик корпус, давлат ва хусусий сектор вакиллари, шунингдек, "Ali Baba", "Daraz", "Jazz Cash", "Wildberries", "DHL Express" каби йирик компаниялар раҳбарлари қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққан Бош вазир ёрдамчиси Рана Иҳсан Афзал Хан, Покистоннинг Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон билан электрон тижорат орқали савдо ҳажмини оширишга катта аҳамият қаратаётганини таъкидлади. Бунда Ўзбекистон орқали амалга ошириладиган логистика-транспорт занжирлари ва транзит йўлаклар муҳим ўрин тутишига эътиборни қаратди
Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев ўз нутқида, минтақавий рақамли интеграция, логистика имкониятлари ва электрон тижорат платформаларини йўлга қўйишнинг аҳамиятига тўхталди. Мамлакатимиздаги электрон тижоратни ривожлантириш, логистика инфратузилмасини такомиллаштириш ва рақамли тўлов тизимларини кенг жорий этишга қаратилган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Саммитда онлайн шаклда қатнашган Ўзбекистон Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори Камрон Муҳаммадиев "Рақамли Ўзбекистон – 2030" стратегияси доирасидаги устувор йўналишлар, онлайн тўловлар ва трансчегаравий савдо операцияларини кенгайтиришга доир тақдимот ўтказди.
Покистон Савдо ривожлантириш агентлиги раҳбари Файз Аҳмад икки мамлакат ўртасида 2024 йил 4 ноябрь куни имзоланган "Электрон тижорат соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми"ни амалий босқичга ўтказиш вақти келганини билдириб, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш таклифини илгари сурди.
Саммитнинг иккинчи қисмида иштирокчилар гибрид форматда ташкил этилган панель сессияларда иштирок этиб, электрон тижорат соҳасидаги имконият ва муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Наманган–Гуйян: умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзоланди
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди