30-31 март кунлари Термизда “Ўзбекистон - Россия: Евроосиё маконида стратегик ҳамкорлик” мавзусида конференция бўлиб ўтади
Март 18, 2026. 08:55 • 2 дақ
• 284
ТОШКЕНТ, 18 март. /“Дунё” АА/. 30-31 март кунлари Термиз шаҳрида “Ўзбекистон–Россия: Евроосиё маконида стратегик ҳамкорлик” мавзусида конференция бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда “Валдай” халқаро мунозара клуби томонидан ташкил этилмоқда.
Конференция Ўзбекистон ва Россия давлат идоралари, таҳлилий ва илмий-тадқиқот марказлари ҳамда ишбилармон доиралари вакилларидан иборат таниқли экспертларни бир майдонда жамлайди.
Тадбирда Ўзбекистон номидан СМТИ директори Элдор Арипов, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усмонов, рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекось, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти директори Умид Абидхўжаев ва бошқалар иштирок этади.
Россия делегацияси таркиби ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин, элчи Алексей Ерхов, “Валдай” клуби фонди Кенгаши раиси Андрей Быстрицкий, “Валдай” клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш фондининг илмий ишлар бўйича директори Фёдор Лукьянов, “Валдай” клубининг дастурий директори Тимофей Бордачёв, Татаристон саноат ва савдо вазири ўринбосари Герман Лернер ва бошқалардан ташкил топган.
Конференциянинг асосий мақсади Ўзбекистон–Россия стратегик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт ва технологик соҳалардаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олишдан иборат.
Асосий эътибор Евроосиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, саноат ҳамкорлиги, инвестициялар ва рақамлаштиришни ривожлантириш, шунингдек, транспорт алоқаси ва халқаро савдо инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган.
Бўлажак конференциянинг ўзига хос жиҳати Татаристон Республикаси делегацияси иштирокида махсус ҳудудлараро сессия ташкил этилишидир. Ушбу муҳокама доирасида Татаристон Республикаси ва Термиз шаҳри вакиллари саноат, сармоявий ва гуманитар ҳамкорликка оид жорий лойиҳаларни амалий жиҳатдан муҳокама қилиш, шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорликни янада илгари суриш бўйича аниқ қадамларни белгилаб олиш имкониятига эга бўладилар.
Конференция икки томонлама учрашувлар орқали экспертлар мулоқотини олиб бориш учун анъанавий платформа бўлиб хизмат қилади. Тадбир Ўзбекистоннинг жанубий чегарасидаги стратегик муҳим транспорт маркази бўлган Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳридаги Термиз халқаро савдо марказида бўлиб ўтади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси