Венада стандартлаштириш ва метрология соҳасидаги замонавий ёндашувлар кўриб чиқилди
Ноябрь 27, 2026. 18:10 • 2 дақ
• 129
ВЕНА, 27 ноябрь. /“Дунё” АА/. Австрия пойтахтида БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (UNIDO) ташкил этилганининг 60 йиллиги ҳамда Саноатни ривожлантириш кенгашининг 54-сессиясига бағишланган тадбирларда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги вакиллари ҳам иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу тадбир доирасида UNIDO, мамлакатимиз ва Панаманинг Австриядаги доимий ваколатхоналари ҳамда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамкорлигида “Метрология – барқарор ривожланишга стратегик инвестиция” мавзусида халқаро панель сессияси ташкил этилди.
Унда халқаро ташкилотлар, ҳамкор давлатлар вакиллари ва соҳа мутахассислари иштирок этиб, метрология ва сифат инфратузилмасининг саноат тараққиёти, халқаро савдо ҳамда барқарор иқтисодий ўсишдаги стратегик аҳамиятини муҳокама қилди.
Хусусан, ишончли ва аниқ ўлчаш тизимларини ривожлантириш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, маҳсулотларнинг халқаро стандартлар ва бозор талабларига мувофиқлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги вакиллари Австриянинг тегишли ташкилотлари билан қатор икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказди. Австрия Федерал метрология ва геодезия идораси вакиллари билан мулоқотда маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш, бозор назоратини самарали ташкил этиш, тўқимачилик ва бошқа турдаги маҳсулотларнинг белгиланган стандартларга мувофиқлигини мониторинг қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Томонлар миллий тажриба ва амалий назорат механизмлари билан ўртоқлашиб, маҳсулотлар хавфсизлигини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш, илғор халқаро амалиётни миллий тизимга жорий этиш ҳамда ўзаро тажриба алмашинувини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.
Австрия қурилиш муҳандислик институти вакиллари билан ўтказилган учрашувда қурилиш маҳсулотлари хавфсизлиги, техник жиҳатдан тартибга солиш, бозор назорати ва қурилиш материалларининг халқаро стандартларга мувофиқлигини баҳолаш масалалари кун тартибидан жой олди.
Қурилиш материаллари устидан мониторинг олиб бориш, техник талабларни текшириш ҳамда Австриянинг илғор тажрибасини Ўзбекистон миллий сифат инфратузилмасига татбиқ этиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Вена шаҳрида бўлиб ўтган халқаро тадбирлар ва икки томонлама учрашувлар Ўзбекистоннинг техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология, стандартлаштириш, маҳсулотлар хавфсизлиги ва бозор назорати соҳаларидаги халқаро ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси