Logo

Малайзия ОАВ: Малайзия Ўзбекистон билан савдо, молия, инвестиция ва инфратузилма соҳаларида стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр

Июнь 16, 2025. 13:40 • 2 дақ

52
Малайзия ОАВ: Малайзия Ўзбекистон билан савдо, молия, инвестиция ва инфратузилма соҳаларида стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр

КУАЛА-ЛУМПУР, 16 июнь. /"Дунё" АА/. Малайзиянинг "Business Today" электрон нашрида "Малайзия Эксимбанки Ўзбекистон орқали янги савдо йўналишини белгиламоқда" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Малайзия Марказий Осиёда савдо ва инвестиция фаолиятини кенгайтириш мақсадида бир қатор янги лойиҳаларни амалга оширишни режалаштираётгани ҳақида сўз боради.

Жумладан, нашрда Малайзия Экспорт-Импорт банки Ўзбекистоннинг "Ҳамкорбанк" акциядорлик тижорат банки билан биргаликда  мамлакатимизда фаолият юритаётган Малайзия компаниялари ва Ўзбекистоннинг импортёр корхоналарини молиялаштириш имкониятларини кўриб чиқилгани таъкидланган.

"Мазкур лойиҳа Малайзиянинг 2030 йилгача бўлган Миллий инвестиция сиёсатига мос бўлиб, анъанавий бўлмаган бозорларда экспорт фаолиятини кенгайтиришни назарда тутади. Ўз навбатида, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ва туризм каби соҳаларга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришга қаратилган "Ўзбекистон – 2030" стратегиясини ҳам қўллаб-қувватлайди",– деб ёзади муаллиф.

Шунингдек, мақолада 2024 йилда Малайзия-Ўзбекистон савдо ҳажми 102,4 миллион АҚШ долларига етиб, 2017 йилдан бери 1,6 баробар ўсгани, ҳозирда Ўзбекистонда 40 дан ортиқ малай компаниялари фаолият юритгани қайд этилади.

Бундан ташқари, материалда жадал ривожланаётган икки томонлама муносабатлар 2024 ва 2025 йилларда икки мамлакат раҳбарларининг олий даражадаги ўзаро ташрифлари билан янада мустаҳкамлангани алоҳида урғуланган.

"Малайзия Инвестициялар, савдо ва саноат вазирлиги бош котиби ўринбосари, Эксимбанк бошқаруви кенгаши аъзоси Баҳриа Моҳд Тамилнинг айтишича, Малайзия Ўзбекистон билан савдо, молия, инвестиция ва инфратузилма каби кўплаб соҳаларда ўзаро стратегик ҳамкорликни изчил ривожлантиришга тайёр", – дея таъкидланган нашрда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш