Андижон ва Минск вилоятлари тиббиёт, таълим ва бизнес соҳаларида ҳамкорлик кўламини кенгайтирмоқда
Сентябрь 29, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 77МИНСК, 29 сентябрь. /“Дунё” АА/. Минск вилояти ижроия қўмитаси раиси Алексей Кушнаренко бошчилигидаги Беларусь делегациясининг Ўзбекистонга амалий ташрифи доирасида Андижон вилоятида маҳсулдор учрашувлар ва музокаралар ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Беларусь делегациясининг ташрифи икки давлат раҳбарларининг ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини келгуси йилларда 2 миллиард долларга етказиш бўйича эришган келишувларини амалга ошириш доирасида ташкил этилди.
Беларусь вакиллари машинасозлик соҳасидаги кооперация истиқболларини муҳокама қилиш учун “UzAuto Motors” АЖ автомобисозлик флагмани ва “ADM Global” автокластерининг йиғув майдончаларида бўлдилар.
Шунингдек, Минск делегацияси Олтинкўл туманидаги машҳур Беларусь бренди – “Mark Formelle” фаолияти билан танишди. Ушбу корхона минтақадаги муваффақиятли иқтисодий ҳамкорликнинг яққол намунаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Андижонга ташрифнинг асосий амалий натижаларидан бири соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги ҳужжатнинг имзоланиши бўлди.
Асосий эътибор бирламчи ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, акушерлик ва гинекология соҳасида биргаликда ишлашга қаратилди. Лойиҳалар амалиётчи шифокорлар ўртасида тажриба алмашиш, қўшма маслаҳатлар ўтказиш ва Андижон вилояти тиббиёт амалиётига илғор Беларусь методикаларини жорий этишни ўз ичига олади.
Томонлар манфаатларининг кесишиш нуқталаридан яна бири касбий таълим соҳаси бўлди. Минск вилоят ижроия қўмитаси таълим бош бошқармаси раҳбарияти ўзбекистонлик ҳамкасблар билан Андижон вилояти ёшларини Минск вилоятининг етакчи коллежларида ўқитиш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Ўтказилган музокаралар якунида эришилган келишувларни аниқ иқтисодий кўрсаткичлар ва инвестиция лойиҳаларига айлантирадиган батафсил “йўл хариталари” шакллантирилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


