Будапешт шаҳрида Ўзбекистон–Венгрия таълим лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди

Октябрь 22, 2024. 09:52 • 2 дақ

162
Будапешт шаҳрида Ўзбекистон–Венгрия таълим лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди

БУДАПЕШТ, 22 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси раҳбарияти "Темпус" жамғармаси бош директори Ричард Бодроги билан учрашув ўтказишди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Темпус" жамғармаси Венгрия ҳукумати томонидан 1996 йилда таълим, кадрлар тайёрлаш ва Европа Иттифоқи билан боғлиқ масалалар бўйича халқаро ҳамкорлик дастурлари ва махсус лойиҳаларни бошқариш учун яратилган нотижорат тузилма ҳисобланади. Қўшимча билим ва тажрибага эга бўлишни хоҳловчи халқаро талабалар ва битирувчиларга стипендиялар таклиф қилади. Фонд, шунингдек, "Stipendium Hungaricum" дастурини бошқаради.

Музокаралар чоғида Венгрия томони "Stipendium Hungaricum" дастури бўйича ўзбекистонлик талабаларга Венгрия олий ўқув юртларида таълим олишлари учун йиллик квоталар ажратиш орқали Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, шунингдек, Ўзбекистоннинг ихтисослаштирилган университетлари билан академик ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини билдирди.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, жамғарма раҳбарияти қўшма лойиҳаларни, жумладан, Венгрия университетларидан профессор-ўқитувчиларни Ўзбекистондаги университетларга дарс бериш учун юбориш, қўшма дастурларни ишлаб чиқиш, илмий тадқиқотлар ўтказиш, "Паннониа" ва "Эразмуз+" халқаро ҳамкорлик дастурлари доирасида узоқ муддатли асосда талабалар алмашинувини йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди.

Жамғарма "STEM" фанларини ўқитиш учун грантлар ажратишга катта аҳамият беради. Шу муносабат билан Ричард Бодроги ўзбекистонлик талаба ва олимларнинг бу борадаги қўшма дастур ҳамда лойиҳаларда иштирок этиши учун кенг имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.

Венгрия томони билан ҳамкорликнинг амалий қадами сифатида Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакиллари билан қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш бўйича онлайн музокаралар ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш