Буюк Британиядаги Ал-Фурқон Ислом мероси жамғармаси билан ҳамкорликда Ўзбекистондаги қўлёзма ва нодир асарлар тадқиқ этилади
Июнь 16, 2024. 10:50 • 2 дақ
• 240
ЛОНДОН, 16 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Британиянинг Ал-Фурқон Ислом мероси жамғармаси бошқарув директори Сали Шахсивари билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот давомида Ал-Фурқон Ислом мероси жамғармаси билан ҳамкорликда Ўзбекистондаги қадимий қўлёзмаларни тадқиқ этиш, уларнинг энг сифатли факсимиле нусхалари олиш, умумлаштирилган каталогларни тайёрлаш ҳамда алоҳида китоб ҳолатида нашр этиш масалалари муҳокама қилинди.
Сали Шахсивари Ал-Фурқон Ислом мероси жамғармаси Ўзбекистоннинг етакчи илмий ташкилотлари билан ҳар томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини таъкидлади. У Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан барча турдаги маданий мерос объектларига давлат томонидан катта эътибор қаратилаётганини, айниқса қадимий қўлёзма асарларнинг тадқиқ этилиши, бу соҳаларда хорижий мутахассислар ҳамда ихтисослашган илмий институтлар ва кутубхоналар билан фаол мулоқотлар олиб борилаётганини юқори баҳолади.
Учрашув натижасида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Ал-Фурқон Ислом мероси жамғармаси билан биргаликда мамлакатимиздаги диний-маърифий, илмий марказлар тақдимотларини Лондонда ўтказиш тўғрисида келишиб олинди.
Ал-Фурқон Ислом мероси жамғармаси Англия ва Уэльсда рўйхатдан ўтган нотижорат фонд ҳисобланади. У 1988 йилда Ямани маданият ва хайрия жамғармаси томонидан ташкил этилган. Фонд Ислом ёзма меросини ўрганиш, сақлаш, ва нашр этиш ҳамда бу борадаги тадқиқотларга кўмаклашиш мақсадида таъсис этилган. Жамғарма штаб квартираси Лондонда жойлашган. Унинг Жидда (Саудия Арабистони) ва Қоҳира (Миср) шаҳарларида тадқиқот марказлари ва офислари мавжуд. Унинг ҳузурида алоҳида қўлёзма ва нодир асарларни тадқиқ этувчи марказ фаолият юритади. Марказ қадимий қўлёзмаларни электрон нусхаларини сақлашга мўлжалланган йирик ахборотлар базасига эга.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси