Ўзбекистон делегацияси Брюсселда наркотиклар бўйича «ЕИ – Марказий Осиё» мулоқотида иштирок этди
Декабрь 13, 2023. 12:39 • 2 дақ
• 145
БРЮССЕЛЬ, 13 декабрь. /«Дунё» АА/ Бельгия пойтахтидаги Европа Иттифоқи кенгашида наркотиклар бўйича «ЕИ – Марказий Осиё» мулоқоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази директори Садирдин Бойдедаев бошчилигидаги мамлакатимиз делегация, Марказий Осиёнинг бошқа давлатларининг гиёҳвандликка қарши кураш идоралари, шунингдек, минтақамиз давлатларининг Европа Иттифоқидаги дипломатик ваколатхоналари вакиллари иштирок этишди. Европа томонидан ЕИга аъзо давлатлар, Горизонтал наркотиклар ишчи гуруҳи (HDG) вакиллари, Европа комиссияси, Европа ташқи ҳаракатлар хизмати, Наркотиклар ва гиёҳвандлик бўйича Европа мониторинг маркази (EMCDDA) ва ЕВРОПОЛ ходимлари қатнашди.
Наркотиклар бўйича «ЕИ – Марказий Осиё» мулоқоти - бу халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва наркотиклар бўйича давлатлар сиёсатини қўллаб-қувватлашга қаратилган мунтазам кўп томонлама учрашув ҳисобланади. Ушбу мулоқот Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари ва ЕИ ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, наркотик моддалар савдосига қарши кураш ва минтақавий ҳамда халқаро даражада хавфсизликка ҳисса қўшишга қаратилган.
Учрашув иштирокчилари ЕИ ва Марказий Осиё минтақаси, шунингдек, қўшни Афғонистондаги наркотик моддалар билан боғлиқ вазият юзасидан фикр алмашдилар. Минтақавий ҳамкорлик масалалари, жумладан, Марказий Осиёда гиёҳванд моддалар тарқалишининг олдини олиш бўйича КАДАП дастури доирасидаги вазифалар муҳокама қилинди.
Ҳозирги кунда минтақа мамлакатларида наркотик воситаларига талабни камайтириш бўйича самарали сиёсатни ишлаб чиқишга кўмаклашиш бўйича ушбу ЕИ дастурининг 7-босқичи амалга оширилмоқда.
ЕИ кенгашига раислик қилаётган Испания ва 2024 йил январь ойида раисликни ўз зиммасига оладиган Бельгия вакиллари ўз давлатларининг наркотиклар ва бошқа трансмиллий таҳдидларга қарши курашда ҳамкор мамлакатлар билан ўзаро алоқаларни ривожлантиришдаги устувор йўналишлари ҳақида маълумот беришди.
Ўзбекистон ва минтақадаги қўшни давлатлар делегациялари наркотик моддаларнинг ноқонуний тарқалишига қарши курашиш ва улардан фойдаланишни қисқартириш соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини муҳокама қилишда фаол иштирок этишди.
Наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши глобал миқёсда эканини инобатга олган ҳолда, Марказий Осиё ва Европа мамлакатлари учун ушбу муаммога қарши курашиш бўйича илғор тажриба алмашишни давом эттириш ва бу борада амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди
Венгриянинг нуфузли университет ва компаниялари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Рединг университетининг Ўзбекистонда кампусини очиш масаласи муҳокама қилинди