Ўзбекистон Малайзиядаги халқаро таълим кўргазмасида “Study in Uzbekistan” миллий павильонини намойиш этди
Ноябрь 22, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 30
ПУТРАДЖАЯ, 22 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон делегацияси 17–20 ноябрь кунлари Малайзиянинг Путраджая шаҳрида бўлиб ўтган “Festival of Ideas 2026” халқаро олий таълим форуми ва кўргазмасида “Study in Uzbekistan” миллий павильони билан иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Малайзия Олий таълим вазирлиги томонидан учинчи бор ташкил этилган ушбу тадбир академик ҳамжамият, давлат органлари, таълим муассасалари вакиллари ва халқаро экспертлар ўртасида олий таълим, илмий тадқиқотлар, инновациялар ҳамда халқаро академик ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашиш майдонига айланди.
Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш ва глобал ҳамкорлик маркази вакиллари миллий павильон орқали мамлакатимиз олий таълим тизими, етакчи университетлар, таълим дастурлари, халқаро ҳамкорлик имкониятлари ҳамда хорижий талабалар учун яратилган шароитларни тақдим этдилар.
Форумда, шунингдек, Тошкент давлат техника университети, Тошкент давлат тиббиёт университети ва Тошкент халқаро кимё университети вакиллари ҳам қатнашдилар. Улар хорижий олий таълим муассасалари вакиллари билан ўтказилган учрашувларда таълим ва илм-фан соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш, академик алмашинувларни ривожлантириш ва илмий тадқиқотлар борасидаги шериклик истиқболларини муҳокама қилдилар.
Мазкур кўргазмадаги иштирок Ўзбекистоннинг халқаро таълим маконидаги ўрнини мустаҳкамлаш, мамлакатимиз олий ўқув юртларининг халқаро алоқаларини кенгайтириш ҳамда хорижий ёшларни Ўзбекистон университетларида таҳсил олишга жалб этишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси