Ўзбекистон делегацияси Варшавада Польшанинг сиёсий ва эксперт доира вакиллари билан самарали учрашувлар ўтказди
Апрель 08, 2024. 13:25 • 2 дақ
• 115
ВАРШАВА, 8 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари гуруҳи, шунингдек, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вакилларининг Польшага амалий ташрифи доирасида мамлакатимиз дипломатик ваколатхонаси кўмагида бир қатор икки томонлама учрашувлар ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Хусусан, Польша Сеймининг (қуйи палата) Европа Иттифоқи ишлари бўйича қўмитаси раиси Михал Кобоско, Польша мудофаа вазири ўринбосари, Сейм депутати Павел Бейда, "Левица" партиясидан депутатлари, "Вистулы" университети ректори Вавжинец Конарски ва бошқа илмий тадқиқот муассасалари раҳбарлари ҳамда экспертлари билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашувларда сайлов жараёнининг ўзига хос хусусиятлари, икки давлат парламентарийлари фаолияти, парламентлараро ҳамкорликнинг мавжуд салоҳияти, олий ўқув юртлари ўртасида академик ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Суҳбатдошлар иқтисодиёт, таълим ва технология соҳаларида икки томонлама алоқалар фаоллашганини мамнуният билан қайд этдилар. Турли соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди.
Сейм қўмитаси раиси Михал Кобоско Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Шунингдек, у икки томонлама ҳамкорликнинг бошқа йўналишларини ривожлантириш ҳам бунга боғлиқ бўлган парламентлараро алоқалар муҳимлигини таъкидлади.
Мудофаа вазири ўринбосари Павел Бейда давлатлараро муносабатларнинг бугунги даражасини мамнуният билан қайд этди. Унинг айтишича, икки мамлакат пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар очилиши билан давлатлараро алоқалар янада фаоллашади.
"Левица" партияси депутатлари билан кечган мулоқотда Польшанинг сайловолди ташвиқотини ўтказиш тажрибаси, сайловларни ўтказиш хусусиятлари, партиялараро ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди.
"Вистулы" университетига ташриф давомида Ўзбекистон вакиллари таълим муассасаси фаолияти, сиёсат ва журналистика йўналишида кадрлар тайёрлаш тартиби билан танишдилар. Университетлараро алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди, шунингдек, мазкур олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари билан алоҳида учрашув ўтказилди.
Университет ректори Вавжинец Конарски Ўзбекистон делегациясига таълим муассасасига ташриф учун миннатдорлик билдирди. "Ушбу ташриф тарихий бўлиб, мамлакатларимиз ўртасидаги академик ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз", деди у.
Ўзбекистон томони, шунингдек, Польшанинг етакчи таҳлилий муассасалардан бири – Халқаро алоқалар марказида ҳам бўлишди.
Марказда бўлиб ўтган учрашувда минтақадаги вазият юзасидан фикр алмашилди. Польшалик экспертларига "Ўзбекистон-2030" стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, сиёсатдаги ўзгаришлар, қонунчиликдаги ислоҳотлар, бунда асосий эътибор инсон ҳуқуқ ва оммавий ахборот воситалари эркинлигини таъминлашга қаратилгани алоҳида таъкидланди.
Марказ директори Малгожата Бониковска Ўзбекистонда давлат бошқаруви соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни, шу жумладан жамиятни демократлаштириш, халқаро ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, миллий қонунчиликни такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган аниқ чора-тадбирларни юқори баҳолади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Наманган–Гуйян: умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзоланди
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди