Франция компаниялари Янги Тошкентда транспорт ва коммунал инфратузилмани ривожлантириш лойиҳалари билан танишди

Октябрь 29, 2026. 16:00 • 2 дақ

• 187
Франция компаниялари Янги Тошкентда транспорт ва коммунал инфратузилмани ривожлантириш лойиҳалари билан танишди
Франция компаниялари Янги Тошкентда транспорт ва коммунал инфратузилмани ривожлантириш лойиҳалари билан танишди

ТОШКЕНТ, 29 октябрь. /“Дунё” АА/. Франция Европа ва ташқи ишлар вазирининг шаҳарлар ва транспортни барқарор ривожлантириш масалалари бўйича махсус вакили Жерар Вольф бошчилигидаги француз компаниялари вакилларидан иборат делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида музокаралар бўлиб ўтди. Унда Франциянинг “Alstom”, “SUEZ”, “Veolia”, “EDF”, “MND”, “Dassault Systèmes”, “IVECO”, “Wilmotte & Associés” каби компаниялари вакиллари иштирок этди.

Томонлар энергетика, транспорт, сув таъминоти, коммунал хўжалик, рақамлаштириш, туризм ва шаҳарсозлик соҳаларига Франция инвестициялари ҳамда замонавий технологияларини жалб қилиш имкониятларини кўриб чиқди. Шаҳар инфратузилмасини модернизация қилиш ва коммунал тизимлар самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Франция делегацияси Янги Тошкентга ҳам ташриф буюриб, ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини муҳокама қилди. Янги шаҳар билан трамвай қатновини йўлга қўйиш, сув тозалаш тизимларини ривожлантириш, иссиқлик таъминотини модернизация қилиш, қайта тикланувчи энергия манбалари ва “ақлли шаҳар” технологияларини жорий этиш, туризм инфратузилмасини ривожлантириш шулар жумласидандир.

Шунингдек ўқинг

Бундан ташқари, иштирокчилар Франция тараққиёт агентлиги ва ихтисослашган француз компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқди.

Учрашувлар якунида иштирокчилар қўшма инвестиция ташаббусларини илгари суришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Ушбу икки томонлама ҳамкорлик Ўзбекистонда замонавий шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш ва устувор лойиҳаларни амалга оширишда Франциянинг технологик тажрибасидан фойдаланишни назарда тутади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш