Logo

Таиланднинг Паттая шаҳрида оғир касалликка чалинган юртдошимиз Ўзбекистонга қайтарилди

Март 30, 2025. 11:19 • 58 сония

189
Таиланднинг Паттая шаҳрида оғир касалликка чалинган юртдошимиз Ўзбекистонга қайтарилди

БАНГКОК, 30 март. /"Дунё" АА/. Шу йил 3 март куни Ўзбекистон фуқароси И.С. Таиланднинг Паттая шаҳрида инсультга чалиниши натижасида шошилинч тарзда касалхонага ётқизилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

 Ватандошимиз оғир жарроҳлик операциясини бошдан кечирди. Амалга оширилган муолажаларга қарамай, бемор танасининг чап томони ишламай қолди. И.С. Таиландга ишлаш мақсадида келган, аммо тиббий суғурта олмаган, шунингдек, иш берувчи билан меҳнат шартномасини ҳам тузмаган. Ушбу ҳолатлар тиббий харажатларни тўлашда қийинчиликлар сабаб бўлди.

Шунга қарамай, жорий йилнинг 28 март куни беморнинг яқинлари, дўстлари ва фаол ватандошлар саъй-ҳаракатлари билан тиббий харажатларни қоплаш ва "Uzbekistan Airways" миллий авиакомпанияси самолёти орқали беморни оиласи бағрига қайтариш учун зарур маблағ йиғилди.

Бундай ҳолатлар кўпайиб бораётгани муносабати билан мамлакатимизнинг Бангкокдаги Бош консулхонаси Ўзбекистон фуқароларига чет элга саёҳат қилиш ёки ишлаш учун кетаётганда тиббий суғурта олиш, шунингдек, иш берувчи билан меҳнат шартномасини тузиш зарурлигини эслатиб ўтади. Ушбу чора-тадбирлар фавқулодда вазиятларда ҳимоя ва зарур ёрдам олишда асқатади.

Бош консулхона хорижда оғир аҳволда қолган мамлакатимиз фуқароларига консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ишларини давом эттирмоқда. "Биз барча фуқароларни чет элда бўлиш вақтида ўз саломатлигига эътиборлироқ бўлишга чақирамиз", – дейилади дипломатик ваколатхона манбасида.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш