Logo

Хитой компаниялари Сирдарёга инвестиция киритишга катта қизиқиш билдирмоқда

Апрель 05, 2026. 13:30 • 2 дақ

249
Хитой компаниялари Сирдарёга инвестиция киритишга катта қизиқиш билдирмоқда

ФОШАНЬ, 5 апрель. /“Дунё” АА/. Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигидаги делегациянинг Хитойга ташрифи доирасида йирик савдо-иқтисодий ва инвестиция форуми бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси, Гуанчжоу шаҳридаги Бош консулхонаси ва Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилди. Форумда Фошань шаҳридаги турли вазирлик ва идоралар, савдо-саноат палаталари ҳамда йирик компаниялар вакиллари иштирок этди.

Форумда асосий эътибор саноат кооперацияси, логистика тизимларини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги соҳасига қаратилди. Хитойлик инвесторларга Сирдарё вилоятидаги эркин иқтисодий зоналар, уларда яратилган шароитлар ва мавжуд имтиёзлар ҳақида тушунтириш берилди.

Музокаралар давомида янги ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш ва иш ўринлари яратишга қаратилган аниқ лойиҳалар муҳокама қилинди. Бу Сирдарё вилоятининг хорижий инвесторлар учун очиқ ва ишончли ҳудуд эканини яна бир бор кўрсатди.

Делегациянинг ишбилармонлик учрашувлари “Guangdong Yilong Technology”, “Hisense Marketing Management” ва “Wrigley Home Furnishing” каби йирик компаниялар раҳбарлари билан давом этди. Ушбу мулоқотларда қурилиш материаллари, мебель ва электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Айниқса, “Louvre Group” компанияси билан ўтказилган музокаралар катта қизиқиш уйғотди. Компания вакиллари яқин вақт ичида Ўзбекистонга ташриф буюриб, мебель саноати ва меҳмонхона бизнеси бўйича қўшма лойиҳалар имкониятларини ўрганишга тайёр эканини билдирди.

“Arrow Group” билан бўлиб ўтган учрашувда сантехника ва ҳаммом жиҳозларини маҳаллийлаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам муҳим келишувларга эришилди. Томонлар агрологистика тизимларини ривожлантириш, замонавий балиқчилик хўжаликларини ташкил этиш ва ихтисослашган мини-техника ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди. Шу билан бирга, Хитой технологиялари асосида кўча ёритиш тизимларини замонавийлаштириш бўйича ҳам келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш