Logo

Исломободда футбол бўйича жаҳон чемпионати иштирокчи давлатлари элчилари учрашди

Апрель 07, 2026. 13:00 • 3 дақ

45
Исломободда футбол бўйича жаҳон чемпионати иштирокчи давлатлари элчилари учрашди

ИСЛОМОБОД, 7 апрель. /“Дунё” АА/. Покистон пойтахтида шу йил АҚШ, Мексика ва Канада мезбонлигида бўлиб ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионатида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган давлатлар элчилари иштирокида учрашув ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда Покистонда аккредитациядан ўтган, Жаҳон чемпионати иштирокчилари ҳисобланган Ўзбекистон, Туркия, Марокаш ҳамда Босния ва Герцеговина элчилари иштирок этди.

Тадбир давомида мазкур мамлакатларнинг саралаш босқичларида босиб ўтган йўли, футболни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, спортнинг ёшлар саломатлиги ва тарбиясидаги ўрни ҳақида ҳар бир давлат вакиллари томонидан тақдимот намойиш қилинди.

Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев ўз чиқишида, мамлакатимизда футболни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтди. У сўнгги йилларда болалар ва ўсмирлар футболига катта эътибор қаратилаётгани, замонавий футбол академиялари ташкил этилаётгани, мураббийлар малакаси халқаро стандартлар асосида оширилаётганини таъкидлади. Бу омиллар рақобатбардош миллий терма жамоани шакллантиришда муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.

Шунингдек, дипломат Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионатига йўлланма олишига сабаб бўлган асосий омилларга ҳам эътибор қаратди. Жумладан, ички чемпионат савиясининг ошиши, ёш истеъдодларнинг кашф этилиши ва футбол инфратузилмасининг изчил ривожланиши мамлакатнинг халқаро майдондаги натижаларига ижобий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.

Элчи Алишер Тўхтаев мамлакатимизда спорт, хусусан футбол инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган ишлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди:

Шунингдек ўқинг

– Ўзбекистонда профессионал ва оммавий футболни ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан футбол соҳасини ривожлантиришга қаратилган қатор қарор ва фармонлар қабул қилинди. Ушбу ҳужжатларнинг амалий ижроси натижасида Ўзбекистонда футбол янги босқичга кўтарилди. Турли ёш тоифаларидаги терма жамоаларимиз қитъа ва жаҳон чемпионатларида мунтазам иштирок этмоқда. Хусусан, 19 ва 20 ёшгача бўлган терма жамоаларимиз Осиё чемпионлигини қўлга киритди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон йирик халқаро мусобақаларга мезбонлик қилиш имкониятларини ҳам кенгайтирмоқда. Жумладан, 2027 йилда Ўзбекистон Озарбайжон билан биргаликда футбол бўйича U-20 Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Айни пайтда ушбу мусобақага пухта  ҳозирлик кўриляпти.

Янги Тошкент шаҳрида 55 минг томошабинга мўлжалланган замонавий стадион қурилиши жадал суръатларда давом этмоқда. Бу каби иншоотлар халқаро талабларга жавоб берадиган даражада барпо этилиб, нафақат миллий, балки нуфузли халқаро ўйинларни ҳам ўтказиш имконини яратади. Бундай саъй-ҳаракатлар Ўзбекистоннинг Жаҳон чемпионатидаги иштироки ва мамлакатимизнинг жаҳон футбол харитасидаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тадбир якунида иштирокчилар футбол нафақат рақобат, балки дўстлик ва ўзаро англашув кўприги эканини яна бир бор таъкидлаб, Жаҳон чемпионатида иштирок этувчи барча жамоаларга омад тилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати июнь­июль ойларида ўтказилади. Мундиалнинг гуруҳ босқичида Ўзбекистон Колумбия, Португалия ва Конго терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш