Ўзбекистон ва Венгрия профессионал таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Апрель 02, 2026. 10:02 • 2 дақ
• 57
БУДАПЕШТ, 2 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдинов ва Венгрия Маданият ва инновациялар вазирлигининг профессионал таълим масалалари бўйича давлат котиби ўринбосари Палмаи Гергели ўртасида музокара бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида талабалар ва ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш ҳамда профессионал тайёргарликка замонавий ёндашувларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Асосий эътибор назарий билимларни иш жойидаги амалий машғулотлар билан уйғунлаштирувчи дуал таълим тизимини ривожлантиришга қаратилди. Шунингдек, ёшларнинг касбий ўсишига хизмат қилувчи инновацион ва таълим ташаббусларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.
Венгрия томони ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлигини билдириб, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ қадамларни муҳокама қилиш учун экспертлар даражасида онлайн-музокаралар ташкил этишни таклиф қилди.
Ўзбекистон ва Венгриянинг профессионал таълим соҳасидаги ҳамкорлиги талабалар ва педагоглар учун тажриба алмашиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашда янги уфқларни очади.
Илғор таълим амалиётлари ва дуал ўқитиш тизимининг жорий этилиши ёшларга нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам муваффақиятли касбий фаолият юритиш имконини беради ва икки давлат ўртасидаги илм-фан, технологиялар ҳамда инновациялар соҳасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси