Logo

Хоразм вилояти ишбилармон доира вакиллари делегацияси Польшада бўлди

Июнь 20, 2024. 19:04 • 2 дақ

161
Хоразм вилояти ишбилармон доира вакиллари делегацияси Польшада бўлди

ВАРШАВА, 20 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Қудратбек Игамбердиев ва вилоят ҳокимлиги Инвестиция бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алишер Дусчанов бошчилигидаги делегациянинг Польшага бизнес миссияси ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Сафар доирасида Варшава шаҳридаги "Польша-Осиё" Савдо палатасида қўшма бизнес-форум ташкил этилди. Унда 50 дан зиёд Ўзбекистон ва Польша ишбилармон доира вакиллари иштирок этди.

Форумнинг очилиш маросимида сўзга чиққан "Польша-Осиё" Савдо палатаси президенти Януш Пехочински 2024 йил май ойида Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи доирасида учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида муваффақиятли иштирок этганини алоҳида қайд этди. У Сурхондарёга ташкил этилган Польша бизнес-миссияси натижаларини ҳам юқори баҳолади.

"Польшада Ўзбекистондаги жадал ўзгаришлар ва ривожланиш жараёнини диққат билан кузатишмоқда. Республикани ривожлантириш ва модернизация қилиш бўйича комплекс дастур Польша бизнеси билан ҳамкорликни кенгайтириш учун ажойиб имконият, бу иккала томон учун ҳам фойдалидир", - деди у.

Ўзбекистон дипломатлари томонидан ўтказилган тақдимотда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ва ортга қайтмас ислоҳотлар, Ўзбекистон-Польша ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий, инвестициявий ва сайёҳлик салоҳияти тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Хоразм вилояти ҳокимлиги вакиллари ҳам ҳудуднинг иқтисодий ва туристик жозибадорлиги тўғрисида алоҳида тақдимот ўтказдилар.

Тадбир якунида Ўзбекистон ишбилармонлари ва Польшанинг "Polfrost", "R&S", "We are quality", "Van Pur", "Magorex", "Qultivo PSA" компаниялари вакиллари ўртасида "B2B" форматидаги музокаралар ўтказилди. Муҳокамалар якунида Польшага тўқимачилик, чарм-пойабзал, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва фармацевтика маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича келишувларга эришди.

Бундан ташқари, жорий йил сентябрь ойида "Польша-Осиё" Савдо палатаси президенти Януш Пехочински бошчилигидаги делегациясининг Хоразм вилоятига бизнес-миссияни ташкил этиш бўйича бир тўхтамга келинди.

Хоразмлик тадбиркорларнинг Подляски воеводлигига (вилояти) ташрифи ҳам ташкил этилди. Сафар давомида Белосток Савдо-саноат палатаси президенти Ярослав Антихович, фахрий президент Витольд Карчевский, шунингдек, тўқимачилик, фармацевтика, электротехника, кимё, қурилиш, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги техникаси соҳаларида фаолият юритадиган "KAJA Alfred Olszewski", "Brintons Agnella", "Eltron", "Fadbet" ва "CHM" компаниялари раҳбарлари билан учрашув бўлиб ўтди.

Бўлиб ўтган музокаралар якунида, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси ва Белосток Савдо-саноат палатаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ўзбекистон вакиллари, шунингдек, "KAJA Alfred Olszewski" ва "Brintons Agnella" компаниялари фаолияти билан танишдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш