Олтой Республикасидан Ўзбекистонга 30 минг бошга яқин қорамол етказиб берилди

Август 07, 2026. 12:00 • 2 дақ

70
Олтой Республикасидан Ўзбекистонга 30 минг бошга яқин қорамол етказиб берилди

НОВОСИБИРСК, 7 август. /“Дунё” АА/. Тоғли Олтойдан Ўзбекистонга навбатдаги чорва моллари юборилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, Россиянинг Олтой Республикаси бугунги кунда мамлакатимизнинг чорвачилик, жумладан, наслчилик йўналишидаги асосий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Ушбу ҳудуддан мамлакатимизга йирик шохли қорамолларни етказиб бериш ишлари самарали давом этмоқда.

Ўтган йил ҳамда 2026 йилнинг дастлабки даврида Олтойдан Ўзбекистонга 30 минг бошга яқин қорамол етказиб берилди. Эътиборлиси, ҳозирги вақтда ушбу минтақада йирик шохли қорамолларни экспорт қилиш ҳуқуқига эга 6 та корхона фаолият юритмоқда.

Шунингдек ўқинг

2025 йил май ойида Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консулхонаси ва Олтой Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўртасида чорвачилик соҳасидаги ҳамкорлик бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузилган эди.

Бунда Ўзбекистонга отлар, қорамоллар ва эчкиларни етказиб бериш ҳажмини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, Олтойдаги “Кайрал” МЧЖ Қашқадарё вилоятининг “Наслчилик” компанияси билан фаол шерикликни давом эттирмоқда. 2025 йилда Ўзбекистонга “Тоғли Олтой” зотига мансуб 2 300 бош эчки олиб келинди. 2024 йилда эса бу кўрсаткич 930 бошни ташкил этган эди.

Мамлакатимизга “Симментал” ва “Герефорд” зотли қорамоллар ҳамда майда шохли чорва молларини етказиб беришда сезиларли ўсиш кузатилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш