Logo

Кувайтлик шифокорлар гуруҳи Қорақалпоғистонда жарроҳлик амалиётларини ўтказди

Май 07, 2025. 16:23 • 2 дақ

105
Кувайтлик шифокорлар гуруҳи Қорақалпоғистонда жарроҳлик амалиётларини ўтказди

НУКУС, 7 май. /"Дунё" АА/. Кувайтнинг "Ал-Амал" халқаро жарроҳлик гуруҳи ва "Шайх Абдуллоҳ ан-Нурий" хайрия ташкилоти жорий йилнинг 29 апрель – 5 май кунлари Қорақалпоғистонда бўлиб, Оролбўйи аҳолисига бепул тиббий кўрик амалга оширди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Экологик муаммолар сабаб Оролбўйи аҳолисида турли касалликлар билан хасталанмоқда. Минтақа аҳолиси соғлиғини асраб-авайлаш ва тиклаш борасида Ўзбекистон ҳукумати томонидан барча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу борада халқаро ҳамкорлик ҳам тобора чуқурлашмоқда. 

Хусусан, Оролбўйи аҳолиси саломатлигини тиклаш бўйича Кувайт билан турли лойиҳалар ишлаб чиқилган. Жумладан, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва мамлакатимизнинг Ал-Кувайтдаги элчихонаси саъи-ҳаракатлари билан Кувайтнинг "Ал-Амал" жарроҳлар гуруҳининг Оролбўйи аҳолисига тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Қорақалпоғистонга сафари ташкил этилди.

Кувайтдан келган малакали шифокорлар Республика тез тиббий ёрдам илмий маркази, Республика кардиология илмий-амалий ихтисослашган тиббиёт маркази, Республика онкология ва радиология илмий-амалий маркази, Республика кўз микрохирургияси ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари Қорақалпоқғистон филиалларида ҳамда У.Холмуратов номидаги Республика кўп тармоқли тиббиёт маркази, Республика болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида жарроҳлик пунктларини ташкил қилдилар.

Ҳар бир жарроҳлик бўлимига 1 тадан автомобиль ва 2 нафардан таржимон бириктирилди. 30 апрель кунидан бошлаб 6 та жарроҳлик бўлимлариниг барчасида беморлар қабули ва тиббий кўрик амалга оширилди.

Тиббий кўриклар давомида Қорақалпоғистонда 420 нафар бемор тиббий кўрикдан ўтказилди. Улардан 253 тасида операция, 36 нафарига эса жарроҳлик муолажаси амалга оширилди. Эътиборлиси, жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказган беморларнинг ҳолати мунтазам равишда мониторинг қилиб турилди.

Қорақалпоғистон аҳолисига тиббий ёрдамни янада самарали етказиб бериш, малакали шифокорлар тажрибасидан фойдаланиш ва тиббий хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган бу каби чуқурлаштирилган тиббий кўриклар аҳолининг соғлиғини яхшилаш, касалликларни эрта аниқлаш ва олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Оролбўйи аҳолиси учун ташкил этилган ушбу ташаббус ҳам беморларнинг ўз саломатлигига эътибор қаратишига, ўз вақтида муолажа олишига ва тиббий хизматлардан янада самарали фойдаланишига имкон яратди. 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш