Logo

Миср ОАВ: Марказий Осиё ва КАДҲК мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар барқарор ва ижобий динамикани намойиш этмоқда

Апрель 24, 2025. 10:58 • 3 дақ

93
Миср ОАВ: Марказий Осиё ва КАДҲК мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар барқарор ва ижобий динамикани намойиш этмоқда

ҚОҲИРА, 24 апрель. /"Дунё" АА/. Мисрнинг "Сада ал-Балад" ва "Ал-Дипломаси" ахборот агентликлари "Марказий Осиё ва КАДҲК: тарихий алоқалардан стратегик шерикликгача" сарлавҳали мақолани тарқатди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Муаллифлар Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов ва Кўрфаз тадқиқот маркази раиси Абдулазиз Сагер мазкур мақолада Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши (КАДҲК) ўртасидаги муносабатларнинг шаклланиш тарихи, ривожланиш босқичлари ва бугунги ҳолатини батафсил таҳлил қилган.

Уларга кўра, сўнгги йилларда Марказий Осиё ва КАДҲК мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар барқарор ва ижобий динамикани намойиш этди. Марказий Осиё ва КАДҲК давлатларининг иқтисодий салоҳияти чуқурлашиб бораётган сиёсий мулоқот, маданий-тарихий алоқаларга ўзаро манфаатдорлик ва қулай геостратегик позицияси билан тўлдирилиб, ушбу ҳамкорлик форматининг стратегик аҳамиятини оширмоқда.

"Бу жараёнда бурилиш нуқтаси 2023 йил 19 июлда Жидда шаҳрида бўлиб ўтган КАДҲК ва Марказий Осиё давлат раҳбарларининг биринчи тарихий саммити бўлиб, у узоқ муддатли стратегик ҳамкорликка асос солди, – деб ёзган муаллифлар. – Ушбу мулоқотнинг иккинчи саммити 2025 йилнинг май ойида Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган. Бундай муҳим саммитни ўтказиш жойи сифатида Самарқанднинг танланиши бежиз эмас".

Буюк ипак йўлининг асосий йўналишлари чорраҳасида жойлашган бу машҳур шаҳар асрлар давомида цивилизациялар мулоқоти, Шарқ ва Ғарб ўртасидаги дипломатик, савдо ва маданий алмашинувларнинг муҳим маркази бўлиб келган. Шу нуқтаи назардан, тадбирнинг Самарқандда ўтказилиши тарихий алоқаларга янги суръат бағишлашдан иборат.

Таъкидланишича, 2020 йилдан бошлаб Марказий Осиё ва Кўрфаз мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг сифат жиҳатидан янги босқичи давом этмоқда. Ушбу даврнинг муҳим тенденцияси ҳамкорликнинг институционал шаклларининг ривожланиши бўлди. Буни 2022, 2023 ва 2024 йилларда бўлиб ўтган давлат раҳбарларининг биринчи саммити ва вазирларнинг иккита учрашуви тасдиқлайди. Ушбу учрашувлар якунида 2023–2027 йилларга мўлжалланган Қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинган бўлиб, у ҳозирда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг узоқ муддатли йўналишларини белгилаб берувчи биринчи концептуал ҳужжат ҳисобланади. Бу кўп томонлама муносабатлар динамикасида сезиларли ўсишга олиб келди, буни савдо, туризм ва сармоявий айирбошлашнинг сезиларли даражада ошгани тасдиқлайди.

"Умуман олганда, Марказий Осиё давлатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши ўртасидаги шериклик ҳақиқий стратегик истиқболларни очиб беради. Бирлаштирувчи тамойил нафақат маданий ва тарихий яқинлик, балки иқтисодиётларнинг бир-бирини тўлдиришидир. Бу икки минтақа биргаликда барқарор ривожланиш, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, рақамли трансформация кўп томонлама ҳамкорликнинг янги формати учун асос бўладиган ўзаро манфаатли шериклик моделини барпо этиши мумкин", – деб ёзилган Миср ОАВда эълон қилинган мақолаларда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш