Logo

Мисрлик инвестор Ўзбекистон тоғ-кон саноати учун малакали кадрларни тайёрлаш бўйича лойиҳада иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқмоқда

Июнь 11, 2025. 19:34 • 57 сония

60
Мисрлик инвестор Ўзбекистон тоғ-кон саноати учун малакали кадрларни тайёрлаш бўйича лойиҳада иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқмоқда

ҚОҲИРА, 11 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонасида мисрлик йирик инвестор, Буюк Британияда рўйхатдан ўтган "Seagull Petroleum and Mining Egypt" компанияси бош ижрочи директори Ҳишам ал-Мелиги билан учрашув ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Ўзбекистонда нодир қазилмалар ва барча турдаги ёқилғи манбалари соҳасида ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.

 Ўзбекистон дипломатлари мисрлик инвесторга ихтисослик йўналишини инобатга олган ҳолда, мамлакатимизда ушбу сектор учун малакали кадрларни тайёрлаш бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш таклифини билдирдилар. 

Ҳишам ал-Мелиги тоғ-кон соҳасига ихтисослашган Британиядаги етакчи "Heriot-Watt" ва Қоҳирадаги Айн Шамс университети билан шериклик асосида Ўзбекистонда кончилик институтини ташкил этишда иштирок этиши мумкинлигини маълум қилди.

Томонлар Мисрда орттирилган тажриба асосида Ўзбекистонда ҳам икки томонлама диплом бериш дастури асосида янги таълим муассасасини очишга келишиб олдилар.

Мазкур учрашувдан сўнг мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ҳишам ал-Мелиги ва унинг Буюк Британиялик бизнес ҳамкорлари ҳамда Геология фанлари университети ректори Азам Кадирходжаев ва Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги мутасаддилари иштирокида онлайн мулоқот ташкил этилди.

 Томонлар Геология фанлари университетида Миср ва бошқа араб давлатлари фуқароларини бакалавр ва магистр босқичида ўқитиш, ўзаро талаба ва ўқитувчилар алмашиш, кадрлар малакасини ошириш йўналишида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш