Наманган вилояти делегацияси Германияда бир қатор самарали учрашувлар ўтказди
Ноябрь 18, 2023. 11:24 • 4 дақ
• 200
БЕРЛИН, 18 ноябрь. /"Дунё" АА/. Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Германияда бўлди, деб хабар беради "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон ва Германия ўртасида эришилган олий даражадаги келишувлар ижросини таъминлаш доирасида Наманган вилояти ҳокими бошчилигидаги делегация 12-15 ноябрь кунлари Берлин ва Штутгарт шаҳарларида бўлиб, йирик немис компаниялари ҳамда ишбилармон доира вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Учрашувлар натижасида ҳамкорликдаги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қатор келишувлар имзоланди.

Жумладан, Германия пойтахтида Наманган вилояти делегация бир қатор икки томонлама учрашувлар, B2B музокаралар ўтказди. "Textima Import Export GmBH" компанияси бош директори Ҳайке Ҳундертмарк билан бўлиб ўтган учрашувда вилоятдаги қатор йирик текстиль корхоналари томонидан ушбу мамлакатга йўналтирилаётган маҳсулотлар ҳажмини ошириш, янги лойиҳаларни молиялаштириш тўғрисида аниқ келишувларга эришилди.
Шунингдек, томонлар немис компаниясининг Наманган вилоятида текстиль корхоналарига техник хизмат кўрсатиш сервис маркази ҳамда компания ваколатхонасини очиш масалаларини муҳокама қилдилар.

"BEL - Bio Energy-Land" компанияси раиси Фрэнк Рисбек билан кечган учрашувда вилоятда ёпиқ турдаги вертикал иссиқхоналарни ташкил этиш, маҳаллий тадбиркорлар билан биргаликда ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда тегишли инвестицион лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Наманган вилояти делегацияси ва Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси бош директори Михаэль Хармс ўртасида бўлиб ўтган музокараларда савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технология соҳаларида ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Германиянинг тўқимачилик, машинасозлик, енгил саноат, металлургия, озиқ-овқат ва фармацевтика соҳалари билан инвестицион ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида 2024 йил март-апрель ойларида Наманган вилоятида бизнес-форум ўтказишга келишиб олинди.
Шунингдек, Наманган вилоятида газоблок ва газобетон ишлаб чиқаришни ташкил этиш инвестициявий лойиҳаси бўйича "Wehrhahn" компанияси раҳбарияти, вилоятда балиқ ва чорва моллари учун озуқа ишлаб чиқаришни ташкил этиш сармоявий лойиҳаси юзасидан "Amandus Kahl" компанияси, цемент маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасида "VOLLERT" ва "GABEC GmbH" компаниялари билан ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилди.
Маҳаллий корхоналарнинг Европа бозорига кириб боришини соддалаштириш, дунё тажрибаси асосида экспорт суғуртаси бозорини ривожлантириш борасида нуфузли "Euler Hermes" суғурта компанияси билан маҳаллий корхоналарга Германия банклари томонидан имтиёзли кредит линияларини тақдим этиш ҳамда экспортчи корхоналарга амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан аҳдлашиб олинди.
Мамлакатимиз делегацияси «Deutsche Bank» банкининг Марказий ва Шарқий Европа бўйича ижрочи директори Йорг Бонгартц билан инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш масалаларини муҳокама қилди. Немис банки билан ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш ҳамда маҳаллий бюджетга кредитлар ажратиш каби масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Навбатдаги учрашувда Александр фон Ҳумболдт жамғармаси департаменти раҳбари Катя Янг билан Наманган вилоятидаги олий ўқув юртларини янада ривожлантириш учун грантлар ажратиш масаласи муҳокама қилинди ва ҳамкорлик бўйича тегишли меморандум имзоланди.
Штутгарт шаҳрида Германия тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари "Gasamtmasche" уюшмаси ижрочи директори Сильвия Юнгбауэр билан мулоқот уюштирилди. Учрашув аввалида Наманган вилоятининг тўқимачилик соҳаси салоҳияти ҳамда имкониятлари тақдим этилди.
Сильвия Юнгбауэр Наманган вилоятидаги текстиль корхоналари билан немис уюшмаси вакиллари ўртасида кенг қамровли ҳамкорликни ўрнатиш имкониятлари юқорилигини таъкидлади. У ўзбек-немис корхоналари ўртасида B2B учрашувларни ташкил қилиш масаласини ўзбек томони билан бирга ишлаб чиқишга тайёрлигини қайд этди.
Мамлакатимиз делегацияси вакиллари Альбштадт шаҳрида жойлашган «GROZ BECKERT» компаниясининг Текстиль технологик маркази ҳамда Академиясига ташриф буюрдилар. Ташриф давомида текстиль йўналишида яратилган янги технологиялар, инновацион ечимлар ҳамда асбоб ва ускуналар билан танишилди.
Альбштадт-Зигмаринген университетида бўлиб ўтган учрашувда давомида мазкур олий ўқув юрти текстиль факультети фаолияти билан танишилди ва Наманган текстиль институти билан профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, ўқитишни янги методларини жорий қилиш йўналишларида ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Мухтасар қилиб айтганда, Наманган вилояти ҳокими бошчилигидаги делегациянинг Германияга бўлиб ўтган ташрифи давомида эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатлар мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга ҳамда икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси