Logo

Наманган давлат педагогика институти Ҳиндистон университетлари билан ҳамкорликни фаоллаштирмоқда

Июнь 04, 2025. 07:37 • 2 дақ

114
Наманган давлат педагогика институти Ҳиндистон университетлари билан ҳамкорликни фаоллаштирмоқда

ДЕҲЛИ, 4 июнь. /"Дунё" АА/. Наманган давлат педагогика институти делегацияси Ҳиндистоннинг Гужарат штатидаги Парул университетида халқаро талабаларга диплом топшириш маросимида иштирок этди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Халқаро тадбир доирасида Ўзбекистонда сўнгги йилларда таълим соҳасида ҳаётга татбиқ этилаётган изчил ислоҳотларнинг натижалари, олий билим юртларининг халқаро кўламда йилдан йилга ўсиб бораётган мавқеи ҳақида сўзлаб берилди. Наманган давлат педагогика институтининг ўқув салоҳияти ва халқаро ҳамкорлик имкониятлари тақдим қилинди.

Ўзбекистон вакиллари Парул университет раҳбарияти билан музокаралар ўтказиб, икки олий билим юрти ўртасидаги алоқаларни янада фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилди.

Профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашишни йўлга қўйиш, янги қўшма ўқув дастурларини яратиш, илмий тадқиқотлар амалга ошириш, биргаликда илмий лабораториялар ташкил этиш, маданий-гуманитар алоқаларни кучайтириш ва бошқа долзарб йўналишлардаги шериклик юзасидан келишувга эришилди.

Шунингдек, делегация аъзолари ҳиндистонлик ёшларни Наманганда олий таълим олишга жалб қилиш истиқболлари юзасидан фикр алмашди. Парул университети факультетлари, илмий лабораториялари, кутубхоналари фаолияти ҳамда халқаро талабалар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Парул университети Ҳиндистоннинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири бўлиб, ахборот технологиялари, муҳандислик, меъморчилик, ҳуқуқшунослик, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, тижорат, бизнес маъмурчилиги ва бошқа йўналишларда 200 дан ортиқ ўқув дастурларини таклиф қилади. Мазкур университет битирувчилари "Google", "Facebook", "Amazon" ва бошқа йирик халқаро тузилмаларда муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш