Ўзбекистон ва Малайзия илмий-тадқиқот муассасалари диний-маърифий соҳада ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Июль 05, 2026. 10:30 • 2 дақ

96
Ўзбекистон ва Малайзия илмий-тадқиқот муассасалари диний-маърифий соҳада ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

КУАЛА-ЛУМПУР, 5 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва “Зиё” медиа маркази вакилларидан иборат делегация Малайзияда амалий ташриф билан бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф давомида ўзбекистонлик мутахассислар Малайзия Исломни англаш институти (IKIM), Малайзия Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Терроризмга қарши кураш бўйича Жануби-Шарқий Осиё минтақавий маркази (SEARCCT) ҳамда Халқаро ислом тафаккури ва цивилизацияси институтларида бўлиб, икки мамлакат илмий-тадқиқот ва маърифий муассасалари ўртасида ўзаро тажриба алмашдилар.

Учрашувлар давомида исломни тўғри англаш ва соф таълимотини асраб-авайлаш, замонавий таҳдидларга қарши туриш ҳамда турли ёт ғояларнинг олдини олиш борасида Малайзиянинг илғор тажрибаси атрофлича ўрганилди. Томонлар бугунги глобаллашув даврида ёшларни дин ниқобидаги радикаллашув ва экстремизм таҳдидларидан ҳимоя қилишда илмий-тадқиқотлар, стратегик коммуникациялар ҳамда альтернатив нарративлар яратиш каби йўналишларда ҳамкорлик қилиш давр талаби эканини алоҳида таъкидладилар. Бу борада икки давлат ҳамкор ташкилотлари томонидан олиб борилаётган тизимли чора-тадбирлар юқори баҳоланди.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, замонавий медиа воситалари, жумладан, радио, телевидение ва ижтимоий тармоқлар орқали маърифий ислом ғояларини кенг оммага етказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Малайзиялик ҳамкасблар томонидан амалга оширилаётган академик тадқиқотлар, чоп этилаётган китоб ва даврий нашрлар ҳамда исломий қадриятларни оммалаштиришдаги медиа лойиҳалар ўзаро тажриба алмашиш учун муҳим манба экани қайд этилди.

Ташриф якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан келишиб олдилар. Келгуси қадамлар сифатида академик алмашинувларни йўлга қўйиш, қўшма илмий-амалий тадқиқотларни ўтказиш, долзарб мавзулардаги халқаро анжуманларда биргаликда иштирок этиш, сифатли медиа ишланмалар яратиш ва илмий мақолаларни ҳамкорликда чоп этиш каби йўналишлар белгилаб олинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш