Ўзбекистон ва Словакия Европа сертификатлаш тизими бўйича ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Июль 03, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 50
БРАТИСЛАВА, 3 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ва Словакия вакиллари онлайн форматда сифат инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда бозор назоратини такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Учрашув давомида словакиялик мутахассислар самарали сифат инфратузилмаси иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши, маҳсулот ва хизматлар хавфсизлигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидладилар. Шунингдек, стандартлаштириш, метрология ва аккредитация тизимларининг ўзаро уйғун фаолияти иқтисодий барқарорликнинг муҳим омилларидан бири экани қайд этилди.
Музокараларда стандартларнинг корхоналар рақобатбардошлигини оширишдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, миллий ва халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқариш маҳсулот сифати ва хавфсизлигини юксалтириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ҳамда корхоналарнинг ички ва ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Томонлар бозор назоратининг асосий тамойилларини ҳам муҳокама қилдилар. Жумладан, таваккалчиликка асосланган ёндашув, ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчиларнинг масъулияти, шунингдек, истеъмолчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини хавфли маҳсулотлардан ҳимоя қилиш механизмлари юзасидан фикр алмашилди.
Музокаралар якунида томонлар самарали сифат инфратузилмаси ва бозор назорати аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини юксалтириш ва экспортни ривожлантиришнинг муҳим шарти эканини таъкидлади. Шу билан бирга, давлат идоралари, бизнес ҳамжамияти ва мувофиқликни баҳолаш ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликнинг аҳамияти қайд этилди.
Тадбир сўнгида маҳсулот хавфсизлиги, сифати ва унинг меъёрий талабларга мувофиқлигини баҳолашнинг саккизта асосий модулини (A–H) ўз ичига олган Европа сертификатлаштириш тизимининг модуль ёндашуви бўйича навбатдаги семинар-тренингни ўтказишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси