Навоий вилояти ва Беларусь ҳудудлари ўртасида саноат ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
Август 23, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 107МИНСК, 23 август. /“Дунё” АА/. Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Беларусга ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф давомида Минск ва Гомель вилоятлари, шунингдек, мамлакатнинг йирик саноат корхоналари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди.
Унда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Минск вилояти билан ҳамкорлик доирасида ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича ижобий натижаларга эришилгани қайд этилиб, январь–июнь ойларида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 125 миллион доллардан ошгани эътироф этилди.
Шу ўринда, сўнгги йилларда Гомель вилояти ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш уч баробарга ортгани таъкидланди. Музокаралар якунида 2026–2027 йилларга мўлжалланган амалий чора-тадбирлар режаси имзоланди.
Мулоқот давомида ҳамкорликнинг ижтимоий соҳадаги йўналишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Гомель давлат тиббиёт университети ва Навоий давлат университети, шунингдек, икки ҳудуднинг соғлиқни сақлаш соҳасига масъул идоралари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида ҳужжатлар имзоланди.
Ташрифнинг муҳим йўналишларидан бири саноат кооперацияси бўлди. “БЕЛАЗ” корхонасида ўтказилган учрашувда Навоий кон-металлургия комбинати эҳтиёжлари учун махсус техника етказиб бериш ва томонлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. НКМКда юк кўтариш қуввати 30 тоннадан 240 тоннагача бўлган “БЕЛАЗ” карьер самосвалларидан фойдаланилаётгани қайд этилди.
Минск трактор заводида Ўзбекистонда “BELARUS” тракторларини биргаликда ишлаб чиқариш лойиҳасини кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Томонлар ҳамкорликни кенгайтириш доирасида 2026 йил якунига қадар Ўзбекистонга камида 2 мингта трактор комплектини етказиб беришга келишиб олдилар.
Мазкур келишувлар Навоий вилояти ва Беларусь ўртасидаги саноат кооперациясини янги босқичга олиб чиқиш, ишлаб чиқариш салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни кўпайтириш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



