Тошкентда IV Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳудудлараро форуми иш бошлади

Август 22, 2026. 16:00 • 3 дақ

56
Тошкентда IV Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳудудлараро форуми иш бошлади

ТОШКЕНТ, 22 август. /“Дунё” АА/. Бугун пойтахтимизда IV Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳудудлараро форуми ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Форумда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва Озарбайжон иқтисодиёт вазири Микаил Жабборов, шунингдек, икки мамлакат тараққиёт институтлари ҳамда ишбилармон доиралари вакилларидан иборат 420 га яқин компания иштирок этмоқда.

Тадбирда қайд этилганидек, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги ўзаро ишонч ва сиёсий ирода туфайли Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шериклик тобора аниқ иқтисодий мазмун билан бойиб бормоқда. Форумнинг Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи арафасида ўтказилаётгани эса унинг аҳамиятини янада оширмоқда.

Сўнгги ўн йил давомида икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 26 баробарга ошиб, 2025 йил якунига келиб 795 миллион долларга етди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокида 260 га яқин корхона, Озарбайжонда эса Ўзбекистон капитали иштирокида 130 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Икки давлат ўртасидаги инвестиция ва савдо лойиҳаларининг умумий портфели 10 миллиард доллардан ошди.

Ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш белгилаб олинди. Форум арафасида Ўзбекистон ҳудудлари раҳбарларининг Озарбайжонга хизмат сафари ташкил этилиб, у ерда маҳаллий ҳокимликлар ва бизнес вакиллари билан музокаралар ўтказилди ҳамда янги қўшма ташаббуслар муҳокама қилинди.

Шунингдек, саноат ва хомашёни чуқур қайта ишлаш, агросаноат мажмуаси, тўқимачилик, туризм, савдо ва логистика соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек ўқинг

Агросаноат йўналишида боғдорчилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва замонавий совитиш инфратузилмасини ривожлантириш истиқболли соҳалар сифатида қайд этилди.

Тўқимачилик тармоғида ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтириш, Озарбайжоннинг транспорт-логистика имкониятлари ва Ўрта йўлак салоҳиятидан фойдаланган ҳолда маҳсулотларни Европа бозорларига олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Туризм соҳасида амалга оширилаётган меҳмонхона, сайёҳлик ва шаҳарсозлик лойиҳалари янги туристик йўналишларни шакллантириш, курорт инфратузилмасини ривожлантириш ва ҳудудларни комплекс тараққий эттириш учун мустаҳкам замин яратаётгани таъкидланди.

Форумнинг амалий қисми B2B ва G2B форматларидаги учрашувлар билан давом этди. Унда ҳудудлар, давлат идоралари ва бизнес вакиллари аниқ инвестиция ва савдо лойиҳаларини амалга ошириш бўйича кейинги қадамларни белгилаб олдилар.

Тадбир якунлари бўйича 2026–2027 йилларга мўлжалланган қўшма амалий ҳаракатлар режаларини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш