Иссиқлик таъминоти соҳасида Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича келишувга эришилди

Август 18, 2026. 20:30 • 2 дақ

46
Иссиқлик таъминоти соҳасида Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича келишувга эришилди

САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 18 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ва Россия ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш доирасида “Иссиқлик таъминоти” АЖ делегацияси ташриф билан “ANTARUS” илмий-ишлаб чиқариш корхонасида бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мамлакатимизнинг Санкт-Петербургдаги Бош консулхонаси кўмагида ташкил этилган ташриф доирасида техник семинар ва давра суҳбати ўтказилди.

Музокараларда блокли иссиқлик пунктларининг конструктив ечимлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг “ШНК” ва Россиянинг “СП-510” стандартлари ўртасидаги фарқлар, хусусан, энергия самарадорлиги талаблари муҳокама қилинди.

Учрашувларда Ўзбекистонда ускуналарга узоқ муддатли сервис хизматини йўлга қўйиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шу муносабат билан “IngKomplex” компанияси “Антарус”нинг Ўзбекистондаги ваколатли ҳамкори сифатида таништирилиб, шеф-монтаж, ишга тушириш-созлаш ва кафолатли хизмат кўрсатиш ишларини амалга ошириши белгиланди.

Ташрифнинг амалий қисмида “Fortus” блокли иссиқлик пунктлари, “ANTARUS” насос станциялари, “Амперус” автоматика тизимлари ва “Биогард” сиғимли ускуналар ишлаб чиқариш линиялари билан танишилди. Шунингдек, маҳсулот сифатини кўп босқичли назорат қилиш тизими ҳамда синов стендлари кўздан кечирилди.

“Антарус” компанияси Ўзбекистонда буюртмалар ҳажми ошган тақдирда Фарғона водийсидаги эркин иқтисодий зоналардан бирида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш имкониятини кўриб чиқишга тайёр эканини қайд этди.

Ташриф якунида “ANTARUS” ва “IngKomplex” ўртасида музокаралар натижалари бўйича меморандум имзоланди.

“ANTARUS” МЧЖ 2013 йилда ташкил этилган Россия компанияси бўлиб, иссиқлик ва сув таъминоти, ёнғиндан ҳимоя ҳамда сув чиқариш тизимлари учун муҳандислик ускуналарини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Компаниянинг ишлаб чиқариш мажмуаси 30 минг квадрат метрдан ортиқ майдонни эгаллаб, 360 нафардан зиёд мутахассисни бирлаштиради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш