Logo

Покистонда "Ўзбекистон имкониятлар бешиги: муваффақият ҳикояси" номли янги медиа-лойиҳа ишга туширилди

Май 05, 2025. 07:11 • 2 дақ

98
Покистонда "Ўзбекистон имкониятлар бешиги: муваффақият ҳикояси" номли янги медиа-лойиҳа ишга туширилди

ИСЛОМОБОД, 5 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси томонидан "Ўзбекистон имкониятлар бешиги: муваффақият ҳикояси" ("Uzbekistan is a cradle of opportunities: success story") номли янги медиа-лойиҳани ишга туширди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Лойиҳа покистонлик тадбиркорларининг мамлакатимизда бизнес юритиш жараёнидаги муваффақиятли тажрибалари тўғрисидаги видеолавҳаларни ўз ичига олади.

Мазкур лойиҳадан мақсад Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги иқтисодий дипломатия йўналишидаги муносабатларни янада фаоллаштириш, икки мамлакат бизнес доиралари ўртасидаги ўзаро ишонч ва манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хорижий, жумладан Покистон жамоатчилигининг Ўзбекистонда бизнес юритиш учун яратилган имкониятлар тўғрисидаги хабардорлигини оширишдан иборат.

Ўзбекистонда инвестициявий муҳитни яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва халқаро бизнес ҳамжамияти учун барқарор, шаффоф ва рақобатбардош шароитларни яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга покистонлик тадбиркорлар томонидан холис баҳо берилади.

Шунингдек, покистонлик тадбиркорлар ўзларининг видеомурожаатларида Ўзбекистонда қулай инвестиция муҳити, амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, қонуний кафолатлар ва давлат томонидан берилаётган имтиёзлар, юртимизда ўз бизнесини қай йўсинда йўлга қўйгани ва кенгайтиргани, қандай муваффақиятларга эришгани борасидаги тажрибалари билан ўртоқлашади.

Ушбу лойиҳа, шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Бош вазири Муҳаммад Шаҳбоз Шарифнинг жорий йил 25-26 февраль кунлари Тошкентда ўтказган олий даражали музокаралари якунида икки томонлама савдо айланмасини 2 миллиард долларга етказиш, қўшма инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва амалга ошириш бўйича келишувларни ўз вақтида ва самарали ҳаётга татбиқ этишга, ҳамкорлик механизмларини янада мустаҳкамлашга муҳим ҳисса қўшади.

Ўзбекистоннинг Панжоб вилоятидаги фахрий консули, "Najeeb Fibres" компанияси раҳбари Нажиб Воҳра лойиҳанинг дастлабки меҳмони бўлди.

Нажиб Воҳранинг мамлакатимиз тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари билан элчихонанинг "Facebook", "X" ва "Instagram" ижтимоий тармоқларидаги ҳамда "TikTok" платформасидаги саҳифалари орқали танишиш мумкин.

Лойиҳа Покистон бизнес доира вакиллари учун Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини яққол тасвирлаб берувчи, ишонч уйғотувчи амалий платформа бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш