Logo

Ўзбекистон ва Гонконг ўртасида ҳуқуқий соҳада янги қўшма битимлар ишлаб чиқилади

Июнь 11, 2024. 09:54 • 2 дақ

210
Ўзбекистон ва Гонконг ўртасида ҳуқуқий соҳада янги қўшма битимлар ишлаб чиқилади

ПЕКИН, 11 июнь /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси ходимлари ва Хитойнинг Гонконг махсус маъмурий ҳудуди Адлия департаменти вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Гонконг махсус маъмурий ҳудуди Адлия департаменти халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик бошқармаси ўринбосари, прокурор Пол Хо, катта давлат маслаҳатчилар Феликс Сай Хоэ ва Шум Тик Сэнди ҳамда давлат маслаҳатчиси Чан Кахин Жефф иштирок этди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Гонконг ўртасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, жумладан, соҳага оид шартномавий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Гонконг томони сўнгги йилларда Ўзбекистонда сиёсий, иқтисодий соҳаларда рўй бераётган ижобий ўзгаришлардан хабардор қилинди. Мамлакатимизда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, коррупция ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли чора тадбирлар, Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан атрофлича таништирилди.

Ўзбекистонда қонун устуворлигини таъминлаш борасида юз бераётган ўзгаришлар инсон ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш, одил судловга эришиш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолиятини замонга мос равишда такомиллаштиришга қаратилгани таъкидланди.

Пол Хо ўз навбатида, Ўзбекистондаги сиёсий, иқтисодий ижобий ўзгаришлар, айниқса, сўнги йилларда мамлакат суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимларида олиб борилган самарали ислоҳотларни юқори баҳолади. Шунингдек, у томонлар ўртасида ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисида битимларни имзолаш ва уларнинг доирасида ҳуқуқий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда мавжуд масалаларни тартибга солиш зарурлигини қайд этди.

Учрашув сўнгида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва ҳуқуқий соҳа билан боғлиқ олдинда турган масалаларни биргаликда ҳал этиш мақсадида ўзаро ташрифларни ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш