“Маҳалла еттилиги” тажрибаси ЕХҲТ майдонида эътироф этилди
Октябрь 02, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 131ВЕНА, 2 октябрь. /“Дунё” АА/. Австрия пойтахтида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) одам савдосига қарши курашиш бўйича миллий мувофиқлаштирувчилари ва маърузачилари йиғилиши бўлиб ўтмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Ўзбекистоннинг Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссияси аъзоларидан иборат делегация иштирок этмоқда.
Йиғилиш доирасида Марказий Осиё давлатлари вакиллари иштирокида одам савдосининг олдини олишга бағишланган минтақавий давра суҳбати ташкил этилди.
Муҳокамалар чоғида минтақа мамлакатларида миллий тизимларни такомиллаштириш, мавжуд муаммолар ва ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Тадбирда Ўзбекистонда маҳалла даражасида шакллантирилган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш механизмлари алоҳида тақдим этилди.
Хусусан, ҳудудий комиссиялар фаолияти, шунингдек, “маҳалла еттилиги” тизимининг аҳоли билан бевосита ишлаш, ижтимоий хавф гуруҳига кирувчи шахслар ва оилаларни эрта аниқлаш ҳамда уларнинг муаммоларини манзилли ҳал этишдаги имкониятлари катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистоннинг маҳалла даражасида одам савдосининг олдини олиш ва ижтимоий ҳимоя механизмларини ўзаро уйғунлаштиришга қаратилган амалий тажрибаси ЕХҲТга аъзо давлатлар томонидан юқори баҳоланди.
Иштирокчилар мазкур комплекс ёндашув нафақат Марказий Осиё минтақаси, балки кенг ЕХҲТ макони учун ҳам муҳим профилактика механизми эканини таъкидладилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


