“Бобур боғи” Покистон пойтахтининг энг сўлим масканларидан бирига айланади
Февраль 19, 2026. 14:23 • 3 дақ
• 175ИСЛОМОБОД, 19 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси томонидан жорий йил 14–17 февраль кунлари Ўзбекистон қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Хидоятов бошчилигидаги делегациянинг Исломобод шаҳрида ташрифи ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф Ўзбекистон Президенти томонидан Покистон халқига туҳфа қилинган, Исломобод шаҳрида қурилиши режалаштирилган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги боғни барпо этиш билан боғлиқ масалаларни мезбон мамлакат вакиллари билан муҳокама қилиш ва тегишли қарорлар лойиҳасини тайёрлаш мақсадида уюштирилди.
Сафар доирасида Ўзбекистон элчихонасида “Бобур боғи” лойиҳасига бағишланган муҳокамалар бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев, Ўзбекистон қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Шерзод Хидоятов, Исломобод шаҳар ҳокимлиги (CDA) раисининг ўринбосари Сания Хамид Паша, CDA атроф-муҳитни асраш департаменти раҳбари Ахтар Расул, “HRL” компанияси бош архитектори Имран Аслам, бош менежер Шамил Хан, компания раиси маслаҳатчиси Халид Таймур Акром иштирок этди.
Томонлар мазкур маданий-маърифий масканнинг архитектуравий ечимлари, инфратузилмаси ва уни амалга ошириш босқичлари юзасидан фикр алмашди.
Мулоқот чоғида боғни барпо этиш жараёнида замонавий шаҳарсозлик тажрибаси ва илғор архитектура ютуқларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Президентининг жорий йил 5–6 февраль кунлари Покистонга амалга оширган давлат ташрифи чоғида Исломобод шаҳрида “Бобур боғи”ни барпо этиш ташаббуси илгари сурилган эди. Мазкур боғ Ўзбекистон халқидан Покистон халқига самимий эҳтиром ва дўстлик рамзи сифатида тақдим этиладиган маънавий совға бўлиши кутилмоқда. Лойиҳа икки мамлакат ўртасидаги тарихий алоқалар, маданий яқинлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Элчи Алишер Тўхтаев давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Исломобод шаҳрида барпо этилаётган ушбу боғнинг аҳамияти, унинг концептуал йўналишлари ҳамда амалга ошириш муддатлари ҳақида батафсил маълумот берди. Унинг таъкидлашича, “Бобур боғи” нафақат дам олиш маскани, балки икки халқни боғлаб турувчи тарихий хотира ва маданий мерос рамзига айланади.
Бундан ташқари, “Бобур боғи” лойиҳаси юзасидан батафсил тақдимот ўтказилди. Тақдимот давомида боғнинг бош режаси, ландшафт дизайни, муҳандислик коммуникациялари, экологик ёндашувлар ва хавфсизлик чора-тадбирлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Қайд этилишича, “Бобур боғи” Исломобод шаҳрининг F-7 секторида жойлашган 2,5 гектар майдонда бунёд этилиши кўзда тутилган. Лойиҳага мувофиқ, ҳудудда болалар ва катталар учун замонавий кўнгилочар аттракционлар, спорт майдончалари, сайр йўлаклари, фавворалар, яшил ҳудудлар ҳамда Ўзбекистон миллий таомлари таклиф этиладиган чойхона барпо этилади. Боғ марказидан улуғ аждодимиз, буюк мутафаккир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бюсти жой олади. Боғ ҳудудида маданий тадбирлар ва оилавий дам олиш учун қулай шарт-шароитлар яратилиши режалаштирилган.
Муҳокамалар чоғида иштирокчилар томонидан боғ концепциясини янада такомиллаштириш, унинг меъморий қиёфасида миллий анъаналар ва замонавий услуб уйғунлигини таъминлаш, шунингдек, лойиҳани амалга оширишда сифат масалаларига алоҳида эътибор қаратиш юзасидан қатор таклифлар билдирилди.
Давра суҳбатидан сўнг, “Бобур боғи” учун ажратилган майдон кўздан кечирилди, режалаштирилаётган лойиҳа муҳокамаси борасида дала тадқиқотлари ўтказилди.
Томонлар Исломобод шаҳрида мазкур ташаббуснинг амалга оширилиши, Бобур ва Бобурийлар меросини сақлаш ва келгуси авлодларга етказиш, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси




