Исломободдаги музей мажмуасининг ўзбек бўлими "Ҳунарманд" уюшмаси аъзоларининг маҳсулотлари билан бойитилади

Ноябрь 24, 2026. 11:00 • 2 дақ

• 197
Исломободдаги музей мажмуасининг ўзбек бўлими "Ҳунарманд" уюшмаси аъзоларининг маҳсулотлари билан бойитилади

ИСЛОМОБОД, 24 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Республика “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Расулжон Мирзааҳмедов бошчилигидаги делегациянинг Покистонга хизмат сафари ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мамлакатимиз вакилларини Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев қабул қилди. Суҳбат давомида икки давлат ўртасидаги тарихий ришталар, буюк аждодларимизнинг Покистон музейларида сақланаётган меросини тадқиқ этиш, миллий ҳунармандчилик мактаблари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, усталар ўртасида тажриба алмашиш, қўшма кўргазма ва ярмаркалар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Элчи Покистонда Ўзбекистон тарихи ва буюк аждодларимиз билан боғлиқ кўплаб тарихий ашёлар, обидалар, ҳунармандчилик намуналари ва асарлар мавжудлигини таъкидлади. Уларни ўрганиш ва келгуси авлодларга етказишда Ўзбекистон олимлари ҳамда “Ҳунарманд” уюшмаси билан ҳамкорлик қилиш муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди.

Мулоқот чоғида мазкур йўналишдаги ишларни жадаллаштириш бўйича қатор таклиф ва ташаббуслар билдирилди. Хусусан, Расулжон Мирзааҳмедов ҳозирги вақтда уюшма томонидан 2027 йил учун фаолият режаси ишлаб чиқилаётганини маълум қилди. У Ўзбекистон маданияти ва амалий санъатини Покистонда кенг тарғиб қилиш борасида элчихона билан яқин ҳамкорлик қилиш, биргаликда қўшма тадбирлар ўтказиш ва лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек ўқинг

Учрашув давомида Исломобод шаҳридаги “Лок Вирса” музей-мажмуасида ташкил этилган Ўзбекистон бўлимини янгилаш ва уни ўзбек миллий ҳунармандчилик буюмлари билан бойитиш, 2027 йилда Покистонда қўшма тадбирлар ўтказиш, элчихонада ташкил этилган “Made in Uzbekistan” кўргазмасида намойиш этиш учун амалий санъат буюмларини етказиб бериш тўғрисида келишиб олинди.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари Покистоннинг археологик мероси, тарихий ва замонавий меъморчилик намуналарини ўрганиш мақсадида Исломобод шаҳридаги Покистон монументи ва Файсал масжидида ҳам бўлди. Шунингдек, “Лок Вирса” музей-мажмуаси фаолияти, унда сақланаётган ҳунармандчилик намуналари билан танишди ҳамда муассаса раҳбарияти билан учрашув ўтказди.

Ўзбекистон делегацияси вакиллари учун Пешовардаги Сети саройи, Хайбер-Пахтунхва археология музейи, Лаҳордаги Бобурийлар сулоласи томонидан барпо этилган тарихий иншоотларга экскурсия ташкил этиш режалаштирилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш