Лондонда ўзбек стартапларини Британия ва глобал бозорларга олиб чиқишга қаратилган хаб ишга туширилди
Ноябрь 23, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 60ЛОНДОН, 23 ноябрь. /“Дунё” АА/. “IT Park Uzbekistan” бош директори Азамат Караматов бошчилигидаги делегациянинг Буюк Британияга хизмат сафари ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида Лондон шаҳри марказида жойлашган “Institute of Directors” ташкилотида Ўзбекистон стартап экотизимини халқаро миқёсда тарғиб қилиш ва хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган бизнес-форум ўтказилди. Унда Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, шунингдек, акселераторлар, инновация марказлари, стартап-студиялар, IT-дистрибьюторлар ва технологик компаниялардан иборат 200 дан ортиқ ташкилот вакиллари иштирок этди.
Форум доирасида “IT Park Uzbekistan” ва “Astana Hub”нинг қўшма ташаббуси — “Eurasia Growth Hub” платформаси Лондонда расман ишга туширилди. Мазкур хаб маҳаллий стартапларнинг Британия ҳамда бошқа халқаро бозорларга чиқишига кўмаклашиш, уларни инвесторлар ва технологик ҳамкорлар билан боғлашга хизмат қилади. Лондон шаҳридаги хаб раҳбари этиб ватандошимиз Музаффар Карабаев тайинланди.
Делегация ташрифи доирасида Ўзбекистон элчихонасида “Uzbekistan Outsourcing Conference” тадбири ҳам ташкил этилди. Унда 40 дан ортиқ Британия компанияси вакилларига Ўзбекистоннинг IT-аутсорсинг соҳасидаги салоҳияти, “IT Park” резидентлари учун яратилган имкониятлар ҳамда “Enterprise Uzbekistan” махсус ҳуқуқий режими тақдим этилди.
Бундан ташқари, “IT Park” делегацияси Лондонда бўлиб ўтган “Contact Centre & Customer Experience Expo 2026” халқаро кўргазмасида иштирок этди. Мазкур тадбир контакт-марказлар, мижозлар билан ишлаш, рақамли савдо ва маркетинг соҳаларидаги илғор ечимлар ва технологияларни намойиш этишга бағишланган йирик халқаро майдонлардан бири ҳисобланади.
Ушбу ташриф ва ўтказилган тадбирлар Ўзбекистоннинг IT ва стартап экотизимини халқаро бозорларда кенг тарғиб қилиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, технологик ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда маҳаллий компанияларнинг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




