Британиянинг қурилиш ва коммунал соҳадаги илғор тажрибаси Ўзбекистонда қўлланилади
Май 30, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 58ЛОНДОН, 30 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Сирожиддин Эшқувватов бошчилигидаги мамлакатимиз делегациясининг Буюк Британияга хизмат сафари амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хизмат сафари доирасида делегация аъзолари Лондондаги машҳур “ExCeL” кўргазма марказида ташкил этилган “Futurebuild 2026” — Буюк Британиянинг барқарор қурилиш соҳасидаги энг йирик ва нуфузли кўргазма-тадбирида иштирок этдилар.
Ўзбекистон вакиллари ушбу нуфузли майдонда намойиш этилган замонавий қурилиш материаллари, энергия тежовчи инновацион технологиялар ҳамда шаҳарсозликда қўлланилаётган илғор муҳандислик ечимлари билан яқиндан танишдилар. Айниқса, энергия самарадорлигини ошириш, “яшил” инфратузилмани ривожлантириш, биноларни замонавий экологик талаблар асосида лойиҳалаш ҳамда аҳоли учун хавфсиз ва қулай урбанистик муҳит яратишга қаратилган тақдимотлар ўзбек мутахассислари томонидан атрофлича ўрганилди.
Шунингдек, мамлакатимиз вакиллари барқарор инфратузилма, қайта тикланувчи энергетика, “ақлли бино” (Smart building) тизимлари ҳамда қурилишда экологик тоза ечимларни жорий этишга ихтисослашган Буюк Британиянинг етакчи компаниялари фаолиятини кўздан кечирдилар. Жумладан, “Quidos”, “Ecobrix”, “Build Test Solutions”, “Cyd Innovation” ва “Sensat” каби нуфузли брендлар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилиб, рақамли ечимлар ҳамда инновацион ишланмаларни Ўзбекистон қурилиш амалиётига татбиқ этиш юзасидан фикр алмашилди.
Бундан ташқари, делегация аъзолари Буюк Британиянинг Қурилиш хавфсизлиги назорати ташкилоти раҳбари Чарльз Пагсли билан муҳим музокаралар ўтказдилар. Мулоқот чоғида қурилиш соҳасида давлат назорати тизимини такомиллаштириш, ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар қурилишда хавфсизлик стандартларини қатъий таъминлаш ва замонавий назорат усулларини амалиётга жорий этиш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Сирдарё вилояти техникуми ва Россиянинг Уфа давлат нефть техника университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Ўзбекистон ва Ҳиндистон мамлакатимизнинг ЖСТга аъзо бўлиши доирасида Бозорга кириш бўйича музокаралар якунлангани тўғрисидаги протоколни имзолади






