Покистон бизнеси Ўзбекистон ҳудудларида яратилган қулай ишбилармонлик муҳити билан танишди
Ноябрь 08, 2024. 16:04 • 48 сония
• 135
ИСЛОМОБОД, 8 ноябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистонга бизнес миссияси ташкил этилган Покистоннинг етакчи компаниялари раҳбарлари юртимиз ҳудудларида яратилган ишбилармонлик муҳити билан танишди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Хусусан, покистонлик тадбиркорлар Сурхондарё вилоятининг Ангор, Қизириқ ва Сариосиё туманлари ҳамда Қашқадарё вилоятининг Қарши, Яккабоғ, Чироқчи ва Кўкдала туманлари бўлиб, ўзбек томони билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Сурхондарёда кечган учрашув чоғида Ангор, Қизириқ, Сариосиё туманларининг салоҳиятига оид тақдимотлар ўтказилди. Музокаралар ва В2В форматидаги учрашувлар натижасида эса қатор келишувларга эришилди.
Покистоннинг "Getz Pharma" компанияси раҳбари Халид Махмуд Сирдарё ва Тошкент вилоятларига сафари давомида Ўзбекистонда ташкил қилган "Novugen Pharma" корхонаси фаолиятини кенгайтириш ва унинг негизида "биотехнологик" дори воситаларини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш юзасидан келишиб олди.
Бухоро вилоятига уюштирилган сафар ҳам Покистон вакиллари учун самарали бўлди. Жумладан, текстиль, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, логистика марказини ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва вилоятга покистонлик сайёҳлар оқимини кўпайтириш йўналишида ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишувларга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
