Ўмонлик тадбиркорлар Ўзбекистоннинг инвестиция ва экспорт салоҳияти билан танишди
Июль 15, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 11ТОШКЕНТ, 15 июль. /“Дунё” АА/. Ўмон Савдо-саноат палатаси директорлар кенгаши аъзолари ва йирик бизнес вакилларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга хизмат сафари амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу ташриф Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида ҳудудлараро савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, юртимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг Кўрфаз мамлакатларига экспортини ошириш ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилди.
Ўмон делегацияси Самарқандда вилоят Савдо-саноат палатаси раҳбарияти ҳамда маҳаллий тадбиркорлар билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Улар ҳудуддаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишиб, ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйди.
Учрашувларда саноат, инфратузилма, туризм, озиқ-овқат хавфсизлиги ва бошқа устувор соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Бизнес-миссия дастури Тошкент шаҳрида давом эттирилиб, делегация аъзолари Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси раҳбарияти, шунингдек, етакчи тадбиркорлар билан учрашди.
Музокараларда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш ва амалий келишувларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича ҳамкорликни янада фаоллаштиришга келишиб олинди.
Мазкур бизнес-миссиянинг муваффақиятли ташкил этилиши икки давлат ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш, миллий маҳсулотларимиз учун Кўрфаз араб давлатлари бозорида янги экспорт йўналишларини очишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




