Мадридда Ўзбекистон ва Испаниянинг энг йирик инжиниринг-консалтинг компанияларидан бири билан ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди

Июль 14, 2026. 15:00 • 2 дақ

77
Мадридда Ўзбекистон ва Испаниянинг энг йирик инжиниринг-консалтинг компанияларидан бири билан ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди

МАДРИД, 14 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари Испаниянинг муҳандислик, архитектура ва консалтинг соҳасидаги етакчи халқаро компанияси –  “IDOM” вакиллари билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар чоғида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва Ўзбекистонда йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари хусусида фикр алмашилди.

Испания компанияси Жаҳон банки билан ҳамкорликда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги буюртмасига асосан, Самарқанд вилоятини 2040 йилгача ривожлантириш лойиҳасини тақдим этди. Қиймати 51 миллион доллар бўлган ушбу лойиҳа ҳудуднинг янада ривожланиши, туризм, транспорт, логистика ва саноат тизимларини модернизация қилишни кўзда тутади.

Шу билан бирга, компания Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятини ривожлантириш бўйича комплекс режа ишлаб чиқмоқда. Ушбу лойиҳаларда ҳудуднинг 3D-модели ва замонавий GIS-платформасини ўз ичига олган рақамли моделини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек ўқинг

“IDOM” раҳбарияти Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва яратилган қулай инвестиция муҳитини юқори баҳолади. Компания Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги стратегик шерик сифатида кўраётгани ва тез орада мамлакатда ўз ваколатхонасини очишини маълум қилди.

Бундан ташқари, истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиш жараёнида испаниялик мутахассислар Ўзбекистонда сув таъминоти тизимини рақамлаштириш, интеллектуал технологияларни жорий этиш ва замонавий иссиқхона мажмуаларини барпо этиш йўналишларида ҳамкорлик қилишга катта қизиқиш билдирди.

Учрашув сўнггида жорий йил охирида “IDOM” раҳбариятининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан шериклик лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича келишувларга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш