Жиддада “Ўзбекистон–Саудия Арабистони ишбилармон аёллар” форумини ўтказиш бўйича келишувга эришилди

Июль 15, 2026. 08:10 • 2 дақ

43
Жиддада “Ўзбекистон–Саудия Арабистони ишбилармон аёллар” форумини ўтказиш бўйича келишувга эришилди

ЖИДДА, 15 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари элчихонаси дипломатлари Жидда Савдо-саноат палатаси вакиллари билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистоннинг иқтисодий имкониятларини тақдим этиш, юртимизга Саудия инвестицияларини кенг жалб қилиш мақсадида ташкил этилган мулоқотда ўзаро шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашувда ўзбекистонлик ишбилармон аёлларнинг Саудия Арабистонига ташрифини ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Жидда Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашини билдирди. У мазкур ташрифни “Ўзбекистон–Саудия Арабистони ишбилармон аёллар” биринчи форуми номи остида жорий йилнинг октябрь–ноябрь ойларида Жидда шаҳрида ўтказишни таклиф қилди.

Шунингдек ўқинг

Ушбу нуфузли тадбир доирасида юртимизда ишлаб чиқарилган экспортбоп маҳсулотларнинг “Made in Uzbekistan” кўргазмаси, юртимиз туризми ва миллий ҳунармандчилик имкониятларини намойиш этувчи “Welcome to Uzbekistan” ярмаркасини ташкил этишга келишиб олинди.

Музокаралар давомида Саудия томонига Ўзбекистондаги замонавий сайёҳлик инфратузилмаси, истиқболли туризм йўналишлари ҳақида маълумот берилди. Жидда Савдо-саноат палатаси вакиллари Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кўпайтириш ҳамда мамлакатимизнинг йирик туристик компаниялари билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканини маълум қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш