ЮНЕСКО Ўзбекистон билан қўшма таълим соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини тасдиқлади
Июль 14, 2026. 18:30 • 2 дақ
• 91ПАРИЖ, 14 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Каримов бошчилигидаги юртимиз делегацияси Парижда ЮНЕСКО Бош директорининг таълим масалалари бўйича ўринбосари Цюнь Чен билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокаралар чоғида таълим соҳасини рақамли трансформация қилиш йўналишидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, инновацион ечимларни жорий этишни назарда тутувчи “Сунъий интеллект – мактаб” лойиҳасини биргаликда амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, томонлар болаларнинг эрта ривожланиши соҳасида илғор ёндашувларни оммалаштириш ва тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилган ЮНЕСКОнинг Мактабгача таълим бўйича минтақавий марказининг Тошкентдаги фаолиятини йўлга қўйиш масалаларини ҳам кўриб чиқди.
ЮНЕСКО вакиллари Ўзбекистоннинг экологик таълимни ўқув жараёнига интеграция қилиш, рақамли кўникмаларни ривожлантириш ҳамда таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади. Қайд этилганидек, мамлакатимиз ташаббуслари барқарор ривожланиш ва таълим тизимини трансформация қилиш бўйича глобал кун тартибини илгари суришга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Учрашув давомида Цюнь Чен мазкур ташаббусларни амалга ошириш ҳамда жорий йил апрель ойида имзоланган Ўзбекистон ҳукумати ва ЮНЕСКО ўртасидаги 2026–2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттиришга тайёр эканини маълум қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

