Будапештда Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди

Июль 23, 2025. 12:04 • 2 дақ

191
Будапештда Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди

БУДАПЕШТ, 23 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов бошчилигидаги мамлакатимиз делегациясининг Венгрияга ташрифи доирасида икки мамлакат вазирликлари, идоралари ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур тадбир Венгрия экспортни рағбатлантириш агентлиги (HEPA) кўмагида Будапешт шаҳрида ўтказилган иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Венгрия ҳукуматлараро комиссияси йиғилишининг мантиқий давоми бўлди.

Унда саноат, қишлоқ хўжалиги, инвестиция, инновация ва фан-таълим соҳаларида амалий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор бўлган етакчи компаниялар раҳбарлари қатнашди.

Тадбир давомида Венгрия компаниялари Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларини тақдим этди. Хусусан, вакуумли қадоқлаш, биологик чиқиндиларни қайта ишлаш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, тиббий технологиялар, сувни тежаш, машинасозлик ва инвестициявий бошқарув соҳаларидаги ташаббуслар кўриб чиқилди.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон вакиллари мамлакатимиз ҳудудида тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, технологияларни трансфер қилиш ва қўшма корхоналар ташкил этишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Бизнес анжуман доирасида технологик ва инвестициявий ҳамкорлик учун янги платформа бўла оладиган Ўзбекистон-Венгрия махсус индустриал зонаси концепцияси тақдимоти ўтказилди.

Ушбу давра суҳбати икки мамлакат ўртасидаги ишончнинг юксак даражасини тасдиқлади ва олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш