Logo

Халқаро ҳамжамият Ўзбекистоннинг Сув ва саломатлик муаммолари бўйича протоколга қўшилиши ҳақида

Январ 19, 2024. 15:10 • 2 дақ

393
Халқаро ҳамжамият Ўзбекистоннинг Сув ва саломатлик муаммолари бўйича протоколга қўшилиши ҳақида

ЖЕНЕВА, 19 январь. /«Дунё» АА/. БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси сайтида Ўзбекистоннинг Сув ва саломатлик муаммолари бўйича протоколга қўшилиши ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюросининг Сув ва соғлиқни сақлаш муаммолари бўйича протоколига қўшилган дунёдаги йигирма тўққизинчи ва Марказий Осиёдаги биринчи давлатга айланди.

Протоколга қўшилиш Ўзбекистоннинг ўсиб бораётган аҳолисини сув билан юқадиган касалликлардан ҳимоя қилиш ҳамда сув таъминоти, санитария, гигиена ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳаракатларни янада рағбатлантириш ва оптималлаштириш учун катализатор бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.

Таъкидланишича, мамлакатимиз «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида юқоридаги муаммоларни комплекс ҳал этиш учун Протоколда кўзда тутилган амалий воситалар ва ҳукуматлараро асослардан фойдаланиш тарафдоридир. Стратегия аҳоли саломатлиги ва фаровонлигини таъминлаш, сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби устувор йўналишларни ўз ичига олади.

Қайд этилишича, БМТ Европа иқтисодий комиссияси ижрочи котиби Татьяна Молчан Ўзбекистоннинг сув ва санитария бўйича инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ёрдам берадиган Сув ва саломатлик муаммолари бўйича протоколга қўшилганини олқишлади. У Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари ҳамда БМТ Европа иқтисодий комиссиясига аъзо давлатларни сув ва соғлиқни сақлаш хизматларини иқлим ўзгаришига чидамлироқ қилиш учун ушбу амалий воситага қўшилишга чақирди".

«Протоколнинг янги иштирокчиси сифатида мамлакат сув, санитария, гигиена ва соғлиқни сақлаш бўйича кенг қамровли мақсадларни белгилаш ва ушбу мақсадларга эришишда мунтазам ҳисобот бериб бориш мажбуриятини олади. БМТ Европа иқтисодий комиссияси Протокол бўйича юқоридаги мажбуриятларнинг амалга оширилишини қўллаб-қувватлашга тайёр», - дейилади мақолада.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш